
Фарғонада 2026 йил 25-26 январь кунлари газ йўқлиги сабабли автобуслар йўналишларга чиқмади. Ушбу маълумотни вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Маъсуджон Сулаймонов тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, газ тўлдириш шохобчалари ишламагани ва жамоат транспорти метан билан заправка қилиш имконига эга бўлмагани сабабли автобуслар йўналишга чиқа олмаган.
У республика магистрал тармоғида газ танқислиги кузатилганини қайд этди. Ҳокимлик масъул идоралар билан ҳаракатларни келишиб, биринчи навбатда аҳолини табиий газ билан таъминлаш бўйича топшириқ берган.
«Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари — устувор вазифа. Табиий газ босими пасайган», — деди.
Шу билан бирга, 2026 йил 26 январь кунидан автобусларни заправка қилиш қайта тикланди. Сулаймоновнинг аниқлик киритишича, кун давомида 174 та метан заправкадан 22 таси ишлаган бўлиб, уларнинг хизматларидан фақат жамоат транспорти ва махсус техника ҳайдовчилари фойдаланиши мумкин бўлган. Бошқа автомобиллар учун заправкаларга кириш ҳозирча чекланган.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, бундай ҳолат нафақат Фарғона вилоятида, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилган.
«Дарё» энергетика вазири матбуот котиби Дилдора Хошимовага таяниб хабар беришича, якшанба, 25 январь куни Фарғона водийсида 417 та автомобиль газ тўлдириш компрессор шохобчаси табиий газ олган, шундан 160 таси — Фарғона вилоятида, 131 таси — Андижонда ва 126 таси — Наманганда.
Хошимова жадвалда онлайн тизим орқали маълумот узатувчи заправкалар сони ва берилган табиий газнинг умумий ҳажми ҳақидаги маълумотлар келтирилганини аниқлаштирди. «Бунда кўрсатилган маълумотлар ушбу ҳажмдаги газнинг ҳаммасини айнан шунча миқдордаги заправкалар олганини англатмайди», — деди.
Маъсуджон Сулаймонов газни бошқа ихтисослаштирилган техникалар олган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Кейинроқ Энергетика вазирлиги республика бўйича табиий газ истеъмоли 144,7 млн кубометрни ташкил этганини маълум қилди. Мамлакат бўйлаб автомобиль газ тўлдириш компрессор шохобчаларига махсус техника ва жамоат транспортини таъминлаш учун бир кеча-кундузда 1,5 млн кубометр табиий газ (ёки умумий ҳажмнинг 3,7 фоизи) етказиб берилган.
Хусусан, АСКУГ маълумотларига кўра, Фарғона водийсининг махсус техникаси ва жамоат транспорти учун жами 81,8 минг кубометр газ етказилган.
1,5 млн кубометр — бу энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил ноябрида айтган истеъмол ҳажмидан 10 баравар кам. Ўшанда у газ тақчиллиги юзага келганда заправкаларга етказиб бериш 30 фоизга ёки 5 млн кубометрга чекланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳудудларда жамоат транспортининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари шаҳар йўналишларида автобусларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга биринчи навбатда автобусларни табиий газ билан заправка қилиш таъминланмоқда. Душанба, 26 январь куни АГНКШларда махсус техника ва жамоат транспорти учун газ етказиб бериш 1,5 миллиондан 2,5 млн кубометргача оширилади.
«Кўрилган чоралар натижасида қувурлардаги газ босими кўтарилиши ҳисобига қатор ҳудудларда, жумладан аҳоли хонадонларида табиий газ босими меъёрий ҳолатга келтирилмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 20 январдан Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига яна вақтинчалик чекловлар жорий этилган эди. Аввалроқ энергетика вазири Фарғона водийси ҳудудларини мобил газ контейнерлари ёрдамида метан газ билан таъминлаш режалари ҳақида хабар берган эди.
Ҳозирги вақтда бу механизм ишга туширилмаган, ваҳоланки газ тўлдириш станциясини 2025 йил 22 декабргача қуриш режалаштирилган эди.