Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/02/2026

Фарғонада учта боғчанинг 62 нафар тарбияланувчиси касалхонага ётқизилди

Фарғона шаҳридаги учта боғчанинг (2, 58 ва 61-сонли) 62 нафар тарбияланувчиси «алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги» ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда душанба куни Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди. Аввалроқ Kun.uz сайти кўп сонли болалар касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эди.

Хабар қилинишича, болалар 2026 йил 21 февраль оқшомидан бошлаб Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига тана ҳарорати кўтарилиши, қорин соҳасидаги оғриқлар, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва диарея каби аломатлар билан кела бошлаган. Ҳозирда болаларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Kun.uz нашрининг ёзишича, боғчалардаги болалар таомлари Қувасойдаги Garden Catering Trade компаниясига аутсорсинг асосида берилган бўлиши мумкин. Ота-оналар журналистлар билан суҳбатда болаларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар яширилаётганидан, Telegram гуруҳларидаги хабарлари эса ўчириб ташланаётганидан шикоят қилишган.

«2019 йилда туғилган ўғлим Фарғона шаҳридаги 2-сонли давлат боғчасига боради. 20 февраль куни уйга қайтгач, унинг иситмаси кўтарилди ва ичи кета бошлади. Поликлиникага олиб бордик. У ерда бошқа боғчалардан ҳам соғлиғи ёмонлашиб келган болаларни кўрдик. Ҳозир ўғлим Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанмоқда», — деди оналардан бири.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари боғча ошхоналари ва овқат етказиб берувчи корхонадан олинган таом намуналарини текшираётганини маълум қилди.

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазият ўрганилаётганини билдирди.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова вазият назоратга олинганини маълум қилди. Вакилнинг ҳудудий вакили воқеа жойига етиб борган.

2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларидаги давлат боғчаларининг 1000 дан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган эди. Боғчаларга овқатланишни ташкил этиш бўйича учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатган бўлиб, улар сут-қатиқ маҳсулотларини Оққўрғондаги Shark Milk Product корхонасидан сотиб олган.

Ушбу ҳолат бўйича санитария қонунчилигини бузиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда аутсорсинг компанияларининг етти нафар мансабдор шахси ҳибсга олинган эди.