Ўнлаб жарималари бекор қилинган Malibu ҳайдовчиси вилоят ЙҲХБ бошлиғининг турмуш ўртоғи бўлиши мумкин

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималари мунтазам равишда бекор қилинган Malibu автомобили Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли. Бу ҳақда Kun.uz манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғонада номаълум Malibu ҳайдовчисига ёзилган 106 та жариманинг бекор қилингани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Қарор «ўта зарур ҳолат» билан асосланган. Вилоят ЙҲХБ 5 нафар ходимнинг интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди. Ҳайдовчининг исми ошкор этилмаган.

«Газета»га Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматидан хабар беришларича, жазоланганлар орасида вилоят ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов ҳам бор.

Бироқ матбуот котиби автомобиль эгаси ҳақидаги маълумотларни ошкор қила олмаслигини, чунки бу шахсий маълумот эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, баёнотда 40 081 SBA давлат рақамли Malibu автомобили томонидан содир этилган барча қоидабузарликлар учун жарималар белгиланган тартибда ундирилгани қайд этилган. ЙҲХБ матбуот котиби Элбек Қабилов «Газета»га маълум қилишича, 2024-2025 йилларда бу автомобилга нисбатан жами 61 та қоидабузарлик бекор қилинган.

«Хизмат текшируви якунларига кўра, барча жарималар ундирилди. Жарималарнинг умумий суммаси ҳақида менда маълумот йўқ», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, бу Malibu томонидан содир этилган қоидабузарликларнинг батафсил таҳлили ўтказилмаган ва айнан қандай қоидабузарликлар бўлгани унга номаълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода 40 081 SBA рақамли автомобиль бир неча бор светофорнинг қизил чироғидан ўтгани кўринади.

Ходимларга нисбатан қандай интизомий жазо чораси қўлланилгани ҳақида хабар берилмаган. Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексига мувофиқ, уларга қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

  • изоҳ;
  • ҳайфсан;
  • қаттиқ ҳайфсан;
  • лавозим маошининг 50%идан ошмаган миқдорда жарима;
  • махсус унвонни бир поғона пасайтириш;
  • эгаллаб турган лавозимидан озод этиш;
  • гауптвахтада сақлаш билан қамоққа олиш;
  • ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш.