
Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғи Ўзбекистон Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда якшанба куни мамлакат ИИВ ЙҲХББ матбуот котиби Зойир Йўлдошев хабар берди.
Бу қарорга кенг жамоатчилик эътирози сабаб бўлди. Куни кеча ижтимоий тармоқларда Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли 40 081 SBA давлат рақамли Malibu автомобилида содир этилган 106 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати бўйича жарималарнинг бекор қилингани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Вилоят ЙҲХБ маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Ж. И. Умаралиев томонидан имзоланган қарорлардан бирида 2023 йил кузида тезликни ошириш билан боғлиқ 5 та жаримани «ўта зарур ҳолат» туфайли бекор қилиш топширилган.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати дастлаб хизмат текшируви якунлари бўйича 5 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилганини хабар қилган эди. Уларнинг исмлари, ҳайдовчининг исми каби, ошкор этилмаган эди. Кейинроқ жамоатчилик ва ОАВ босими остида ИИБ жазоланганлар орасида Акмал Аҳмедов ҳам борлигини тан олди. Қолган исмлар ҳали ҳам айтилмаган. Вилоят ЙҲХБ шунингдек, 2024-2025 йиллардаги қоидабузарликлар сони 61 тани ташкил этганини маълум қилди.
«Ички ишлар органларидаги ҳар бир лавозим, айниқса раҳбарлик лавозими, халққа садоқат билан хизмат қилиш, хизмат мавқеини суиистеъмол қилмаслик ва шахсий таркибга ўрнак бўлиш талаблари билан берилади. Бу талабларга жавоб бермайдиганларнинг бу тизимда ўрни йўқ. Афсуски, Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов ҳам шундайлардан бири бўлиб чиқди», — деди Зойир Йўлдошев.
«Тизимни товламачилик ва порахўрлик каби иллатлардан тозалаш ишлари олиб борилаётган бир пайтда, бошқарма бошлиғининг яқин қариндошига тегишли Malibu автомашинасида содир этилган ҳуқуқбузарликларни ноқонуний равишда яширишга уринишлари аниқланди», — дея таъкидлади ЙҲХББ вакили.
Унинг маълум қилишича, Malibu ҳайдовчисига ёзилган барча жарималар давлат фойдасига ундирилган. Ҳозирда вилоят ЙҲХБ раҳбарининг ҳаракатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш учун қўшимча тергов олиб борилмоқда.
«Ички ишлар органлари — бу «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз» концептуал ғоясига садоқатли, жасур инсонларни бирлаштирган тизимдир. Халқнинг давлат органларига бўлган ишончини йўқолишига, шунингдек, тизим обрўсининг тушишига олиб келадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган ҳар қандай ходим, албатта, қонун олдида жавоб беради», — дея ишонтирди Зойир Йўлдошев.