Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/02/2026

Фарғона вилоятида 62 нафар боланинг заҳарланиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Фарғонада давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, материаллар Фарғона вилояти прокуратураси, ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли тузилмалар ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Зарур экспертизалар тайинланган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган. Ушбу модда санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

2026 йил 21 февраль кечқурундан бошлаб 2, 58 ва 61-сонли давлат боғчаларининг 62 нафар тарбияланувчиси «алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги» ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши кузатилган. Боғчалар болалар таомини аутсорсинг компаниясидан олган.