
Фарғона вилоятидаги туман газ таъминоти бўлимларидан бирининг раҳбари пора олишда гумонланмоқда, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ).
ДХХ маълумотларига кўра, у мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 10 та уй эгасидан табиий газ тармоғига улаб бериш эвазига ҳар биридан 1000 доллар — жами 10 минг доллар талаб қилган.
У талаб қилинган суммани таниши орқали олаётганда ушланди. Аввал ҳам судланган бўлган бу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (Товламачилик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган, тергов давом этмоқда.
Бундан ташқари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциясининг бош мутахассиси ҳам ҳибсга олинди.
ДХХ маълумотларига кўра, у Қува туманидаги 4 сотих ер участкасидаги тугатилмаган қурилишлар ҳужжатларини тегишли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 5000 доллар талаб қилган. У 1000 доллар олаётганда ушланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарликка суиқасд қилиш) ва 28-моддаси орқали 211-моддаси 1-қисми (Пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. У ҳам қамоққа олинган.