
2026 йил 9 март куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида «Фарғона сув таъминоти» филиали инспектори ва мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи хизмат вазифасини бажараётган вақтида ҳужумга учради, деб хабар берди корхона матбуот хизмати. Ҳодиса оқибатида инспектор калтакланган, хизмат автомобилига эса шикаст етказилган.
Жабрланган ходимга тиббий ёрдам кўрсатилди, ҳодиса ҳақидаги маълумот туман ички ишлар бўлимига тақдим этилди.
Мазкур вазият юзасидан Бош прокуратура ҳам муносабат билдирди. Аниқланишича, 9 март куни «Фарғона сув таъминоти» филиали инспектори Д. С. Сочтепа кўчасидаги хонадонлардан бирига борган. Хонадондаги сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтмаган ҳисоблагич борлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уй эгаларига жарима қўлланилиши ҳақида хабар берилган. Шу вақтда ушбу хонадонда яшовчи П. Ф. инспектор Д. С.га қаршилик кўрсатиб, у билан жанжаллашган. Жанжал давомида П. Ф. инспектор Д. С.нинг бошига ёғоч предмети билан уриб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган, тергов ҳаракатлари прокуратура томонидан олиб борилмоқда.