
Уй-жой қурилишида эскроу-ҳисобварақлар тизими Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан жорий этилади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 9 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Словакия бизнес-форуми доирасида маълум қилди.
“Буларнинг барчаси аҳоли маблағлари ҳимоясини, уй-жойнинг ўз вақтида ва сифатли қурилишини, унинг қонунийлигини таъминлашга қаратилган. Бутун тизим рақамли платформа орқали тўлиқ назорат қилинади”, — дея таъкидлади вазир.
Лойиҳа Россиянинг “ДОМ.РФ” давлат компанияси билан Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Пилот лойиҳа Тошкентнинг Сергели туманида режалаштирилган эди.
“Ҳозир биз Россиянинг “ДОМ.РФ” компанияси билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Молия вазирлигида алоҳида ишчи гуруҳ тузилган, илгари “ДОМ.РФ”да ишлаган мутахассислар жалб қилинган. Иш лойиҳа офисида олиб борилмоқда”, — деди у.
Вазир тизимнинг белгиланган муддатларда ишга туширилишига ишонтирди. “Ҳам бизнинг вазирликда, ҳам Молия вазирлигидаги ишчи гуруҳлар жараёнларни мувофиқлаштирмоқда. Рақамли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш якунланди, ҳозирда тизим синовдан ўтмоқда. Ўйлайманки, муддатлар билан боғлиқ муаммолар бўлмайди”, — дея таъкидлади у.
Ҳидоятов эскроу тизимини жорий этиш улуш эгаларини фирибгарлик схемаларидан ҳимоя қилиш зарурияти билан боғлиқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “фуқароларнинг ишонувчанлиги туфайли” одамлар уй сотиб олган, лекин қурувчилар қурилишни амалда бошламаган кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда.
“Шунинг учун биз эскроу тизимини жорий этишни фаол қўллаб-қувватлаймиз. Баъзи қурувчилар ер олади, лойиҳа тайёрлайди, квартираларни сотишни бошлайди, фойданинг бир қисмини олади, сўнгра аҳолидан тушган пулни бошқа мақсадларга сарфлайди. Аҳоли уй сотиб олишни тўхтатгач, улар уйни қуриб битказолмайдилар. Айнан шунинг учун биз эскроу тизимини имкон қадар тезроқ жорий этишни ёқлаймиз”, — деди у.
Вазир ташаббус мамлакат президентидан келиб чиққанини эслатди. “Муҳтарам Президентимиз биринчи бўлиб топшириқ берди — уй-жой бозорини тартибга солиш, эскроуни жорий этиш ва халқаро тажрибани ўрганиш. Шундан сўнг фаол иш бошланди. Бу жараёнда етакчи мамлакатларнинг мутахассислари ҳам иштирок этмоқда”, — дея қўшимча қилди у.
Лойиҳани амалга ошириш қанчалик мураккаб бўлиши ҳақидаги саволга вазир шундай жавоб берди: “Йўқ, биз уни шу йилнинг 1 июлидан жорий этамиз”.
2023 йил июль ойида Тошкент аҳолиси 8 та уй қурган “Aziya Invest Favorit” компаниясидан шикоят қилиб, президентга мурожаат қилган эди. Компания банклардан кредит олиш учун эгаларининг квартираларини гаровга қўйган, сўнгра банклар кредит тўланмагани сабабли уйларни олиб қўйган. 2700 дан ортиқ аҳолига етказилган зарар 300 миллиард сўмга баҳоланган эди.
2024 йил февраль ойида Тошкентдаги тадбиркор икки фирма орқали қурилиш учун ери бўлмаса ҳам, дастлабки тўловни амалга ошириб, коттежларни бўлиб тўлашга таклиф қилган эди. У 27 миллиард сўм йиғиб, сўнгра 1,4 миллион долларни хориждаги валюта биржасига ўтказган.
2025 йил май ойида Тошкентда квартираларни бўлиб тўлашга сотиш билан шуғулланган In-Fin-Stroy-Invest ва Credit House компаниялари фаолиятидан 800 киши жабр кўргани маълум бўлди. 5 нафар фуқарога айблов эълон қилинди. Зарар 16 миллион долларга баҳоланмоқда. Ўзбекистон ИИВ департаменти ҳузурида бошқа жабрланувчилар мурожаат қилиши мумкин бўлган штаб ташкил этилган.
Эскроу тизими ҳақида
Президент 2024 йил сентябрь ойида уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағлари ҳимоясини кафолатловчи тизимни ишлаб чиқишни топширди.
Тақдимотда қайд этилишича, уй-жой соҳасида талабнинг ошиши фонида виждонсиз тадбиркорлар пайдо бўлган. Тартибга солинган тўлов тизимининг, рақамлаштириш ва шаффофликнинг йўқлиги суиистеъмолчиликлар учун қулай шароит яратмоқда. Кўплаб фуқаролар янги уй учун маблағларни банкларни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри қурувчиларга берадилар, бу эса “яширин” секторнинг ўсишига ёрдам беради.
Кўпинча уйларни топшириш муддатлари кечиктирилади, киритилган маблағлар эса музлатилиб қолади. Улушли қурилиш шартномалари кўпинча расмий равишда рўйхатдан ўтказилмайди ва виждонсиз қурувчилар манфаатларига хизмат қиладиган тарзда тузилади.
Қурилиш вазирининг сўзларига кўра, хорижий тажрибада эскроу тизими ўзини оқлаган. Ушбу моделга кўра, ҳар бир қурилиш объекти учун буюртмачи ва банк ўртасидаги шартнома асосида тижорат банкида эскроу-ҳисобварақ очилади. Кўчмас мулк учун ҳисоб-китоблар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади.
Ҳисобварақда тўпланган маблағлардан тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган ставкада кредитлар бериши мумкин бўлади. Қурилиш тугаллангандан сўнг, харидорнинг эскроу-ҳисобварағидан маблағлар девелоперлик ташкилотининг ҳисобварағига ўтказилади. Агар қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаса, бу маблағлар эгасига қайтарилади. Эскроу-ҳисобварағидаги маблағларга ундирув қаратилиши мумкин эмас.
“Одамлар пулни билмаган қурувчига эмас, банкка олиб борадилар. Банк бу пулни ўз маблағлари ҳисобидан ишларнинг 30%ини бажарадиган ишончли девелоперга йўналтиради, қолган 70%ни эса банк фақатгина маълум бир уйнинг қурилиши учун ажратади. Буюртмачилар пулни бошқа мақсадларга йўналтира олмайдилар. Улар фақат шу объектни қурадилар ва фойдаланишга топширадилар. Кейин [қурилиш тугагандан сўнг] эскроу тизими орқали улар фойдани бошқа мақсадларга йўналтиришлари мумкин бўлади”, — дея таъкидлади Шерзод Ҳидоятов.
Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабргача улуш эгаларининг маблағларини жалб қилиш ҳам эскроу-ҳисобварақлар орқали, ҳам тўғридан-тўғри жалб қилиш асосида амалдаги улушли иштирок механизми орқали амалга оширилади.
Бироқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб қурилишни молиялаштиришнинг ягона усули эскроу-ҳисобварақлар тизими бўлади.
Президент аввалроқ “Ягона уй-жой ҳаёт цикли”ни жорий этиш таклифини ҳам маъқуллаган эди. 1 июлдан бошлаб қурувчилар улуш эгаларининг маблағларини фақат нотариал тасдиқланган шартномалар орқали жалб қилишлари мумкин бўлади. Қурилиш ишларининг камида 30% девелоперларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилиши керак.