
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудини тарихий ва маданий меросни сақлаган ҳолда мажмуавий ва илмий асосланган тарзда ривожлантириш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда 2026 йил 23 январь куни Олмазор туманидаги «Хастимом» маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туристик ва сервис объектлари билан танишиш чоғида айтиб ўтди.
«Агар ҳамма соҳада илм ва билим асосида ҳаракат қилсак, натижа бўлади — биз буни кўряпмиз», — деди президент («Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасидан иқтибос). У илгари Эски шаҳар шароит йўқлиги сабабли узоқ йиллар фаол шаҳар ҳаётидан четда қолганини эслатиб ўтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Эски шаҳарда Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши нафақат инфратузилмавий мақсадларни, балки «одамларга фойдаси ва миллий ғурур нуқтаи назаридан» манфаатни ҳам кўзлаган.
Шавкат Мирзиёев ушбу ҳудудни янада ривожлантириш унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. «Эски шаҳар — бизнинг қадриятимиз. Ушбу қадриятни асраб-авайлаш бизнинг масъулиятимиз», — деди.
Президент кўп қаватли қурилиш амалиётини тарихий туманларга кўчиришдан огоҳлантирди. «Янги шаҳарда, Тошкентда кўп қаватли бинолар қуряпмиз — бу, эҳтимол, замон талаби. Лекин худди шу ишни Эски шаҳарда қилиш — хато бўлади», — деди.
Давлат раҳбари ўтган авлодлар турмуш тарзини акс эттирувчи анъанавий муҳитни сақлаш муҳимлигини таъкидлади. «Ота-боболаримиздан мерос қолган анъаналарни амалда кўрсатиб берадиган тизим яратиш керак: кўчалардаги ариқларда сув қандай оққани, оналаримиз қизларини қандай тарбиялагани, фарзандларимизга қандай таълим берганимизни кўрсатиш лозим», — деди президент.
Эски шаҳар ҳудуди бугунги кунда қарийб 450 гектарни эгаллайди ва унинг ривожланиши ягона мастер-планга асосланиши керак. «Гап фақат Олмазор тумани ҳақида кетмаяпти. Бутун Эски шаҳар ҳудуди учун ягона лойиҳа ишлаб чиқиш зарур. Қаерда нима жойлашиши керак — ҳаммасини илм асосида қилиш лозим», — деб қайд этди Шавкат Мирзиёев.
Президент хорижий тажрибани мисол келтириб, тарихий меросни сақлаш туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини айтди. «Туркияда қадриятларни қандай сақлаб қола олишганини биласиз — у ерга жуда кўп туристлар боради», — деди у. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2016 йилдаги 2,5 миллиондан 11,7 миллионга етди.
Давлат раҳбари Эски шаҳарни ривожлантириш бўйича ягона лойиҳанинг амалга оширилиши пойтахт ва келажак авлодлар учун муҳим ҳисса бўлишини таъкидлади. «Агар ҳаммасини илм асосида қилсак, бу бизнинг бойлигимиз — келажак авлодлар, фарзандларимиз ва азиз улуғ пойтахтимиз учун мерос бўлиб қолади», — деди президент.
PAL компанияси бошқарувчиси Эсен Чағларнинг таъкидлашича, Олмазор туманида амалга оширилаётган лойиҳа нафақат 42 гектар майдонни ривожлантиришга, балки Тошкент ва бутун мамлакат учун кенгроқ иқтисодий самара беришга қаратилган. Унинг сўзларига кўра, компания иқтисодиётнинг турли тармоқларидан инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқда. Ҳозирда 12 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг аксарияти инвесторларни жалб қилишга тайёр.
У лойиҳа жойлашувининг стратегик аҳамиятига, жумладан, Ислом цивилизацияси марказига яқинлигига тўхталди. Лойиҳа доирасида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади, бу эса кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш ва сифатли иш ўринлари яратиш имконини беради.
«Умуман олганда, лойиҳа доирасида қарийб 7500 та иш ўрни яратиш, 2500 кишининг яшаши, 1200 га яқин талабани жойлаштириш, шунингдек, меҳмонхона қуриш кўзда тутилган», — деди у. Эсен Чағлар давлат раҳбари томонидан лойиҳа қўллаб-қувватланаётганини қайд этди.
Мастер-планга кўра, Эски шаҳар атрофида талабалар шаҳарчаси, университетлар ва технопарклар, соғлиқни сақлаш объектлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси, Чорсу бозори ва шаҳарнинг тарихий марказини бирлаштириш режалаштирилган. Туманнинг шимолий ишбилармонлик қисмида офис майдонлари, IT-парк ва бизнес марказларини ривожлантириш кўзда тутилган.
«Ҳар бир кўча учун камида 5 йиллик мастер-план ишлаб чиқиш керак. Кеча Швейцариянинг Давос шаҳрида шаҳар муҳити мавжуд биноларни сақлаган ҳолда, маҳаллий шароитларни ҳисобга олиб ривожланаётганини кўрдим. Биз ҳам Эски шаҳарни асрашимиз ва уни ривожлантиришимиз керак. Бунинг учун «Эски шаҳар» деб номланган алоҳида дастур тайёрлаш лозим», — деб таъкидлади президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчасини реновация қилиш лойиҳаси билан ҳали 2022 йил январида танишган эди. У ерда «Эски шаҳар руҳини сақлаб қолган ҳолда» туристик марказ ташкил этиш режалаштирилган эди. Ўшанда лойиҳа ташаббускори сифатида Mimar Group компанияси чиққанди. Уни молиялаштириш, жумладан, «Асакабанк»нинг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилганди. Лойиҳа қиймати 58,5 млн доллар деб баҳоланган, қурилиш 10 гектар майдонни эгаллаши керак эди.