Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 08/03/2026

«Бутун дунёда тинчлик ўрнатишга ваъда берган инсон уни олов ичида қолдирмоқда». Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси — Дональд Трамп ҳақида

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Эскандарий 2026 йил 4 март куни Яқин Шарқдаги вазият бўйича матбуот анжумани ўтказди. Дипломат Дональд Трамп маъмурияти сиёсатини танқид қилди. У АҚШ билан музокаралар бутунлай тўхтатилганини ва минтақадаги Америка ҳарбий базалари Эроннинг тўғридан-тўғри нишони остида эканини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета» мухбири.

«Бутун дунёда тинчлик ўрнатишга ваъда берган инсон уни олов ичида қолдирмоқда»

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳокимиятга келаётиб «Аввало Америка» шиорини илгари сурган эди, бироқ ҳозирги Яқин Шарқ сиёсатида Исроил манфаатлари биринчи ўринга чиқди, Америка манфаатлари эса охирги ўринга сурилди, деди элчи.

«Нетаньяху Трампга ўз фикрини ўтказа олди. «Мен бутун дунёда тинчлик ўрнатаман» деган сўзлар билан келган инсон уни олов ичида қолдирмоқда. Буларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ… Агар Россия, Хитой ва Ҳиндистон бўлмаганида, улар бугун бутун дунёга ўт қўйган бўларди», — деди.

АҚШ ўз инқирозининг олдини олиш учун қўлидан келган барча ишни қилиб, халқаро ҳуқуқ механизмларини ишдан чиқаришга уринмоқда, Эрон ва бошқа қаршилик кучлари эса улар учун шунчаки бир баҳона, деб таъкидлади Муҳаммад Али Эскандарий.

У содир бўлаётган воқеаларни «катта уруш» деб атади. «Аммо биз бу учинчи жаҳон урушига айланиб кетмаслигини Худодан сўраймиз».

«Эрон фақат АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилади»

Муҳаммад Али Эскандарийнинг таъкидлашича, АҚШ Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базаларидан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланмоқда, бироқ жавоб зарбалари берилганда улар ноҳарбий объектларга, тинч аҳоли яшайдиган жойларга ўтиб, улардан «қалқон» сифатида фойдаланмоқда.

Эрон зарбалари фақат АҚШ ҳарбий базаларига ҳамда АҚШ ва Исроилнинг разведка марказларига қаратилган, деб таъкидлади у ва Форс кўрфазидаги барча қўшни давлатлар Эроннинг доимий дўстлари бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолишини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, минтақа давлатларига берилган баъзи зарбалар Эрон томонидан эмас, балки Исроилнинг «Моссад» миллий разведка хизмати томонидан ташкиллаштирилган.

«АҚШ ва бошқалар Эронга қарши ҳужумлар учун ушбу минтақа мамлакатларида жойлашган ҳарбий базалар ва ҳарбий инфратузилмадан фойдаланмоқда. Улар барча ҳаракатларни шу базалардан туриб амалга оширади, лекин Эрон жавоб зарбасини берган вақтда улар объектларни тарк этади. Ноҳарбий, яъни фуқаролик характеридаги объектларга ўтиб олади. Бундай шароитда улардан 9000 нафари қочиб кетди», — деди дипломат.

Эрон қуроллари АҚШ ҳудудига етиб бора олмаса-да, Яқин Шарқдаги барча Америка ҳарбий объектлари ва кучлари Эроннинг тўғридан-тўғри нишони остида, деди Муҳаммад Али Эскандарий.

«Биз огоҳлантирган эдик: агар бизга ҳужум қилинса, қўлимиз етадиган жойлардаги АҚШнинг барча ҳарбий объектлари, ҳарбий иншоотлари ва ҳарбий кучларига зарба берамиз. Масалан, Кувайтда Америка ҳарбий самолётларини пайқадик ва улардан учтасини уриб туширдик. Биз фақат Американинг инвестиция объектлари ва унга тегишли иншоотларга зарба бердик», — дея таъкидлади элчи.

«Америка Қўшма Штатларининг ушбу ҳарбий объектларининг аксарияти Исроил разведка ташкилоти — «Моссад»нинг уяси ҳисобланади. Айнан мана шу АҚШ ҳарбий базаларининг мавжудлиги минтақадаги давлатлар ва халқлар ўртасидаги можароларнинг асосий сабабларидан бири», — деди.

АҚШ Исроилга йилига 50 миллиард доллар ҳарбий ёрдам ажратади — бу Эроннинг камида беш йиллик умумий ҳарбий бюджетидан кўпроқ, деб қўшимча қилди элчи.

«Эрон ядро қуролига эга бўлишга интилмайди»

Элчи Эрон қуролли кучлари бошқа давлатлардаги тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига ҳужум қилмаслигини яна бир бор такрорлади. Шунингдек, у Эрон ядро қуролига эга бўлишга интилмаслигини маълум қилди.

«Бизда агар бирор жойга бомба тушса, одамлар ёрдам бериш учун йиғилади, вайроналар остида қолганларни олиб чиқади. Америкаликлар эса шу лаҳзани пойлаб, одамлар тўпланган жойга иккинчи зарбани беради. Нима учун олий раҳнамомиз ядро қуролига эга бўлиш ҳаром экани ҳақида фатво чиқарди? Чунки ядро қуроли одамларни танламасдан ўлдирадиган қурол ҳисобланади. Бизнинг сиёсатимиз эса халқни оммавий қириб ташлаш эмас», — деди Муҳаммад Али Эскандарий.

«Айтайлик, биз уларнинг рақс ёки спорт залларидан бирига зарба бера олмаймиз деб ўйлайсизми? Бу жуда қийинми? Биз Исроилнинг исталган нуқтасига зарба беряпмиз. Лекин фақат ҳарбий объектлар ва ҳарбий иншоотларга. Қурбон бўлганлар ҳам фақат шу объектларда ва уларнинг атрофида бўлганлардир. Яна бир жиҳат — улар ҳеч қачон қанча одам ҳалок бўлганини айтмайди. Биз эса айтамиз. Мақсадимиз Америка ва Исроил халқларига эмас, балки Исроил ва Америкага зарба бериш», — деди.

«Агрессия тўхтамагунча музокаралар бўлмайди»

Эрон элчиси Вашингтон билан шу пайтгача мавжуд бўлган дипломатик алоқалар айни дамда бутунлай узилганини маълум қилди.

«Музокаралар тўлиқ тўхтатилган. Америкаликлар музокара олиб борадиган томон эмас. Улар фақат агрессияга қодир. Улар бошқа давлатларга зарар етказиш учун ҳар қандай усулдан фойдаланади. Ҳозир улар Эрондан кўра йирикроқ давлатларга зарба беришга тайёрланмоқда, уларнинг мақсадлари анча кенгроқ», — деди.

«Барча мусулмон миллатлари бизни қўллаб-қувватламоқда, чунки улар кейинги босқичда ўзлари бўлиши мумкинлигини биладилар. Эрондан кейин навбат Туркия ва Қатарга келиши очиқ эълон қилинди… Сўнгги кунларгача давом этган Эрон билан музокаралардан улар фақат бизни алдаш, эътиборимизни чалғитиш учун фойдаланишди. Бизга қарши агрессия тўхтамагунча музокаралар олиб бормаймиз. Агрессия тўхтаганидан кейин ўйлаб кўрамиз», — дея хулоса қилди Муҳаммад Али Эскандарий.