Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 10/01/2026

Эронда оммавий норозилик намойишлари тинмаяпти, мамлакатда интернет ишламаяпти

Эронда иқтисодий вазият ёмонлашуви сабабли бошланган норозилик намойишлари сўнгги йиллардаги энг жиддий ҳукуматга қарши намойишларга айланиб кетди, деб хабар бермоқда CNN, BBC News ва Reuters.

2026 йил 9 январга ўтар кечаси Эрон шаҳарларида декабрь ойи охирида бошланган акциялардан бери энг оммавий митинглар бўлиб ўтди. Бу расмийларни Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда интернет ва телефон алоқасини узиб қўйишга мажбур қилди, деб қайд этади CNN. NetBlocks интернет-мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, интернет ишидаги узилишлар жума куни ҳам давом этган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларнинг маълумотига кўра, намойишлар аллақачон Эроннинг барча вилоятларидаги 100 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларга тарқалган.

АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (HRANA) камида 34 нафар намойишчи ва хавфсизлик кучларининг саккиз нафар ходими ҳалок бўлгани, шунингдек, 2200 дан ортиқ киши ҳибсга олингани ҳақида хабар бермоқда.

2026 йил 8 январь куни кечқурун ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва BBC Форс хизмати томонидан тасдиқланган видеоларда намойишчилар Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеини ағдаришга ва 1979 йилги Ислом инқилоби пайтида тахтдан туширилган Эроннинг собиқ шоҳининг ўғли Ризо Паҳлавийни қайтаришга чақираётгани эшитилади.

Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳаддан олинган видеода намойишчиларнинг катта оломони асосий йўллардан бири бўйлаб ҳаракатланаётгани акс этган. У ерда «Яшасин шоҳ» ва «Бу охирги жанг! Паҳлавий қайтади» каби шиорлар янграмоқда.

Теҳрон шимолида олинган кадрларда ҳам оломоннинг «Бу охирги жанг! Паҳлавий қайтади» деб ҳайқираётганини эшитиш мумкин.

Бошқа видеоёзувлар намойишчиларнинг Исфаҳон марказий шаҳрида «Диктаторга ўлим» (Хаменеи назарда тутилмоқда), Бабол шимолий шаҳрида «Яшасин шоҳ» ва шимоли-ғарбий Табризда «Қўрқманг, биз ҳаммамиз биргамиз» деб ҳайқираётганини кўрсатади.

Reuters томонидан тасдиқланган видеода Машҳаддаги намойиш иштирокчилари байроқ устунидан Эроннинг катта байроғини тушириб, йиртиб ташлашаётгани акс этган. Яна бир ёзувларда Теҳрондаги Катта бозорда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлгани кўринади.

BBC News нашрининг қайд этишича, намойишлар АҚШда яшовчи Паҳлавий эронликларни «кўчаларга чиқишга ва ягона фронт бўлиб ўз талабларини ҳайқириб айтишга» чақирганидан кейин кучайган. У шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампга «режимни жавобгарликка тортгани» учун миннатдорчилик билдирди ва Европа етакчиларидан ҳам шундай қилишни сўради.

Эрон давлат ОАВлари пайшанба кунги намойишлар кўламини пасайтириб кўрсатди. Баъзи ҳолларда улар бўш кўчалар видеосини эълон қилишди, деб ёзади BBC News.

Трамп 8 январь куни агар Эрон расмийлари «одамларни ўлдиришни бошласа», ҳарбий аралашув билан яна бир бор таҳдид қилди.

«Мен уларга агар одамларни ўлдиришни бошлашса — улар тартибсизликлар пайтида тез-тез шундай қилишади — агар улар шундай қилишса, биз уларга жуда кучли зарба беришимизни билдирдим», деди у Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Эрон президенти Масуд Пезешкиан аввалроқ хавфсизлик кучларини тинч намойишларни бостиришда «максимал даражада вазминлик» кўрсатишга чақирган эди. «Ҳар қандай зўравонлик ёки мажбурлов ҳаракатларидан қочиш керак», дейилади Пезешкиан баёнотида.

Хаменеи эса ўз навбатида ўтган ҳафтада «исёнчиларни ўз жойига қўйиш кераклигини» айтган эди.

Эрондаги норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрда Теҳрондаги дўкон эгаларининг иш ташлаши билан бошланган эди. Улар Эрон риали курсининг АҚШ долларига нисбатан навбатдаги кескин пасайишидан норозилик билдиришган, бу эса инфляцияни тезлаштирган эди. Кўп ўтмай намойишларга талабалар қўшилди ва улар бошқа шаҳарларга тарқалди.

Эронда бундай кўламдаги намойишлар охирги марта 2022 йилда, ахлоқ полицияси ҳибсхонасида вафот этган Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг мамлакатни оммавий норозилик ва тартибсизликлар қамраб олган пайтда содир бўлган эди.