
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеий АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда исми ошкор этилмаган юқори мартабали Исроил мулозимига таяниб, Reuters агентлиги ва The Times of Israel нашри хабар бермоқда.
Эрон бу маълумотни тасдиқламади. Оятуллоҳ офиси унинг ўлими ҳақидаги хабарларни «психологик уруш» деб атади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи шанба куни NBC News эфирида Хаменеий «мен билган маълумотларга кўра» тирик эканини айтган эди.
CNN манбасининг таъкидлашича, Эрон ҳукумати Хаменеийнинг ўлими ҳақида расмий баёнот тайёрламоқда. Телеканалнинг қайд этишича, Эрон олий раҳбари Америка-Исроил операцияси бошланганидан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган. Кун давомида Эрон расмийлари Хаменеийнинг чиқишини эълон қилишган эди, бироқ у амалга ошмади.
Исроилнинг «12-канали» хабарига кўра, Хаменеийнинг қароргоҳи вайроналари остидан олиб чиқилган жасади акс этган фотосуратлар Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхуга кўрсатилган.
Кейинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Эрон олий раҳбари вафот этганини маълум қилди.
«Тарихдаги энг ёвуз инсонлардан бири бўлган Хаменеий ўлди», — деб ёзди Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу нафақат Эрон халқи учун, балки барча буюк америкаликлар ҳамда Хаменеий ва унинг қонхўр каллакесарлар тўдаси томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган кўплаб мамлакатлар одамлари учун адолат. У бизнинг разведкамиз ва юқори технологик кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади. Исроил билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилиб, биз уни ва у билан бирга бўлган бошқа етакчиларни йўқ қилдик, улар ҳеч нарса қила олишмади. Бу Эрон халқи учун ўз мамлакатини қайтариб олишнинг ягона буюк имконияти», — дейилади Оқ уй раҳбарининг постида.
2026 йил 28 февраль куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берган, портлашлар Теҳрон ва яна бир нечта шаҳарларда қайд этилган эди. Эрон бунга жавобан Форс кўрфази мамлакатларидаги Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилди.