Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 26/01/2026

Эрон расмийлари норозилик намойишлари вақтида 3000 дан ортиқ киши ҳалок бўлганини маълум қилди

Эрон ҳукумати мамлакатни қамраб олган ва расмийлар томонидан бостирилган ҳукуматга қарши намойишлар чоғида ҳалок бўлганлар сони ҳақидаги илк расмий маълумотларни эълон қилди, деб хабар бермоқда Associated Press.

Давлат телеканаллари орқали тарқатилган Ички ишлар вазирлиги ҳамда Шаҳидлар ва фахрийлар ишлари бўйича жамғарма баёнотида 3117 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Улардан 2427 нафари тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакиллари бўлган. Қолган ҳалок бўлганлар бўйича маълумотлар келтирилмаган.

Илгари Эрон ҳукумати норозилик намойишлари натижасида ҳалок бўлганлар сонини кам кўрсатар ёки бу ҳақда умуман хабар бермас эди, деб ёзади агентлик. Американинг Human Rights Activist New Agency (HRANA) инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони камида 4902 кишини ташкил этади, бироқ уларнинг сони анча кўп бўлиши мумкинлигидан хавотирлар бор. 26 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Расмийлар интернетга киришни чеклаб қўйган ва халқаро қўнғироқларни блоклаган, бу эса хориждан туриб ҳалок бўлганлар сонини баҳолашни қийинлаштирмоқда, деб ёзади AP. Эрон, шунингдек, маҳаллий журналистларнинг воқеалар оқибатларини ёритиш имкониятларини ҳам чеклаб қўйди. Бунинг ўрнига давлат телевидениеси орқали намойишчилар Америка ва Исроил томонидан бошқариладиган «исёнчилар» деб аталган баёнотлар бир неча бор намойиш этилди, аммо бу даъволарни тасдиқловчи далиллар тақдим этилмади.

Эрондаги норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрда Теҳрондаги дўкон эгаларининг иш ташлаши билан бошланган эди. Улар Эрон риалининг АҚШ долларига нисбатан навбатдаги кескин қадрсизланишидан норозилик билдиришган, бу эса инфляцияни тезлаштирган эди. Кўп ўтмай акциялар мамлакатнинг барча вилоятларига тарқалди.

Эронда бундай кўламдаги намойишлар охирги марта 2022 йилда, одоб-ахлоқ полицияси ҳибсхонасида Маҳса Амини вафот этганидан кейин юз берган оммавий норозиликлар ва тартибсизликлар пайтида кузатилган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Эрон ҳукумати намойишчиларни қатл қилишни бошласа, мамлакатга «ҳарбий аралашув» билан таҳдид қилган эди. У шунингдек, эронликларни «норозиликни давом эттиришга» чақириб, «ёрдам йўлда» эканини ваъда қилган. Бироқ 2026 йил 14 январь куни Трамп Эрон расмийлари намойиш иштирокчиларини қатл қилишни режалаштирмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу маълумот «ишончли манбалардан» олинган.