Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 06/03/2026

Эронда мактабга берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган ўқувчи қизлар дафн этилди

2026 йил 3 март куни Эронда мамлакат жанубидаги Хормозган вилояти Минаб туманида жойлашган қизлар мактабига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 165 нафар бола ва ўқитувчининг оммавий дафн маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Al Jazeera. Мактабга ракета зарбаси АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошланган биринчи кунда берилган.

CNN ва New York Times ижтимоий тармоқларда ҳужумдан кейин пайдо бўлган видеоёзув ва фотосуратларнинг геолокациясини аниқлади. NYT таҳлили шуни кўрсатдики, икки қаватли мактаб биносининг камида ярми портлаш оқибатида вайрон бўлган. Нашрнинг ёзишича, кадрларда Қизил ярим ой жамияти ходимлари оилалар билан биргаликда қон ва кулга беланган мактаб дарсликлари ва сумкалари сочилиб ётган вайроналарни кўздан кечираётгани акс этган. Парталар вайроналар остида қолган. Қурбонларнинг жасадлари қора қопларда ётибди.

На CNN, на NYT ўлим ҳолатлари сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади ва мактаб нима сабабдан, шунингдек, қайси давлат кучлари томонидан ўққа тутилганини аниқлай олмади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи мактаб ўқувчиларининг ўлимида АҚШ ва Исроилни айблади. «Бу АҚШ-Исроил томонидан бошланғич мактабнинг бомбардимон қилиниши натижасида ҳалок бўлган 160 дан ортиқ бегуноҳ қизлар учун қазилаётган қабрлардир», — деб ёзди у 2 март куни Х тармоғида. У ўз постига қазилган қабрлар фотосуратини илова қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) мактабга берилган зарбани қоралади. «Таълим олишга мўлжалланган жойда ўқувчиларнинг ўлдирилиши мактабларни ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

NYT мактаб Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига (ИИМК) тегишли ҳарбий-денгиз базаси яқинида жойлашганини ёзади. Нашр томонидан ўрганилган сунъий йўлдош тасвирлари 2013 йилда мактаб биноси базанинг бир қисми бўлганини кўрсатган. Аммо 2016 йил сентябрь ойидаги тасвирларга кўра, муассаса девор билан ўралиб, база билан алоқаси узилган.

Эрон ОАВлари томонидан тарқатилган ва NYT томонидан тасдиқланган бошқа видеоёзувларда ҳарбий-денгиз базаси ичидаги иккита бино устида тутун булутлари кўринган. Бу шанба кунги АҚШ ва Исроил зарбаларининг нишони база бўлганини кўрсатади, деб қайд этади газета.

Мактаб, шифохона ёки бошқа фуқаролик объектига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Бундан ташқари, гуманитар ҳуқуқ фарқланмайдиган хусусиятга эга ҳужумларни тақиқлайди. Халқаро Қизил хоч қўмитасига кўра, ҳатто мактаблар ҳарбий мақсадларда ишлатилган тақдирда ҳам, қуролли томонлардан тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказишдан қочиш ёки уни минималлаштириш талаб этилади, дея аниқлик киритади NYT.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ОАВдаги «давом этаётган ҳарбий операциялар натижасида тинч аҳолига зарар етказилгани» ҳақидаги хабарларни «текшираётганини» маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса ушбу ҳудуддаги ҳар қандай зарбалардан хабари йўқлигини билдирган, деб ёзади BBC News.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио журналистларнинг мактабга берилган авиазарба ҳақидаги саволига шундай жавоб берган эди: «Агар бу бизнинг зарбамиз бўлганида, Мудофаа вазирлиги текширув ўтказган бўларди ва мен саволингизни уларга йўналтирган бўлардим. Америка Қўшма Штатлари мактабга қасддан зарба бермаган бўларди».