Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 04/02/2026

Эрон олий раҳбари ҳужум содир этилган тақдирда АҚШга минтақавий уруш билан таҳдид қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеи АҚШ томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳужум Яқин Шарқда минтақавий можарони келтириб чиқаришидан огоҳлантирди, деб хабар бермоқда Associated Press. Унинг ушбу баёноти АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрондаги яқинда содир бўлган умуммиллий норозилик намойишлари қаттиқ бостирилгани сабабли ушбу мамлакатга зарбалар бериш таҳдидлари фонида янгради.

«Америкаликлар билиши керакки, агар бу сафар улар уруш бошласа, бу уруш минтақавий бўлади», — деди Хаменеи 2026 йил 1 февраль куни қилган чиқишида.

«Биз ташаббускор эмасмиз… ҳеч қайси давлатга ҳужум қилиш ниятимиз йўқ. Аммо кимдир ҳужум қилмоқчи ёки зарар етказмоқчи бўлса, Эрон халқи унга оғир зарба беради», — дея қўшимча қилди.

Ушбу баёнот Хаменеи томонидан сўнгги вақтларда янграган энг очиқ таҳдид бўлди, деб қайд этмоқда АP.

Аввалроқ АҚШ кучларни кучайтириш доирасида минтақага USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемасини юборган эди.

«Эронга улкан армада яқинлашмоқда. Бу буюк авиаташувчи Abraham Lincoln бошчилигидаги, Венесуэлага юборилганидан ҳам йирикроқ флот», — деб ёзди Трамп 2026 йил 28 январь куни. Унинг қўшимча қилишича, агар Эрон ядровий келишув тузмаса, уни 2025 йил июнидаги операциядан ҳам ёмонроқ ҳужум кутмоқда.

Хаменеининг огоҳлантиришига жавобан Трамп АҚШнинг «у ерда дунёдаги энг катта ва қудратли кемалари жуда яқин масофада, бир неча кунлик йўлда турганини ва келишувга эришишдан умид қилаётганини» айтди. «Агар келишув тузмасак, унда унинг ҳақ ёки ноҳақлигини билиб оламиз», — дея қўшимча қилди АҚШ раҳбари.

Америка ОАВлари Трамп Эронга қарши ҳужум вариантларини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзганди. Улар намойишчиларнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган Эрон етакчилари ва куч ишлатар тузилмалари вакилларига, шунингдек, ядровий объектлар ва давлат муассасаларига ҳаво зарбалари беришни ўз ичига олади.

Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, 2025 йил 28 декабрда бошланган кенг кўламли норозилик намойишларида 3117 киши ҳалок бўлган, улардан 2427 нафари тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакиллари бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса қурбонлар сони анча кўплигини айтмоқда. Американинг Human Rights Activists News Agency (HRANA) ташкилоти 6700 дан ортиқ ҳалок бўлганларнинг шахсини тасдиқлаганини, уларнинг аксарияти намойишчилар эканини маълум қилди.

Хаменеи чиқишида намойишчиларни полиция, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК), шунингдек, бошқа объектларга, жумладан, банклар ва масжидларга ҳужум қилишда айблади. «Тўнтариш бостирилди», — деб баёнот берган.