
2025 йилнинг январь ойидан буён Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Эркинжон Оқбутаевич Турдимов ҳоким лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
2025 йил 4 декабрь куни вилоят халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев шундай деди:
«Биз халқимиз яхши яшаши, фарзандлари замонавий таълим ва касб-ҳунар олиши, даромадлари ўсиши учун ишлаяпмиз. Ишончим комилки: яна бир-икки йил мақсадга интилиб ишласак, Сирдарёда жуда катта ўзгариш ва ривожланишлар юз беради», — деди.
Давлат раҳбари вилоятнинг кенг кўламли вазифаларини амалга ошириш учун «қатъиятли, талабчан ва энг асосийси, аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топа оладиган раҳбар» зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев аҳоли ва тадбиркорлар фикрини ўрганиб, ҳоким вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовни Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тавсия этишга қарор қилганини маълум қилди. Муҳокамадан сўнг масала овозга қўйилди ва натижада Турдимов лавозимга тасдиқланди.
Давлат раҳбари ҳудудни ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни эълон қилди. 2026 йилда Сирдарё 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиши, экспортни 500 млн долларга етказиши ва 185 минг кишининг бандлигини таъминлаши керак. Унинг сўзларига кўра, ҳоким режаларни фаол амалга ошириши ва вилоятни энг илғор ҳудудлар қаторига олиб чиқиши шарт.
Эркинжон Турдимов (1969 й. т.) 2018 йил июль ойидан 2024 йил ноябрь ойи охиригача Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган. ОАВлар унинг соғлиғидаги муаммолар туфайли лавозимини тарк этаётганини хабар қилган эди. Бироқ, президент матбуот хизмати хабарида унинг «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этилгани айтилган.
Аввалроқ — 2016 йил декабридан Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилган, 2008–2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлган. 1991 йилдан 1995 йилгача Ўзсаноатқурилишбанкнинг минтақавий бўлимларида ишлаган, сўнг 1996 йилгача Зарафшон шаҳри ҳокимининг ўринбосари бўлган.

