Eriell компанияси ходимлари маош кечиктирилиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллашди. Улар ўз мурожаатларини бир неча оммавий ахборот воситалари ва интернет каналларига юборишди.
Ходимларнинг сўзларига кўра, 28 декабрь ҳолатига кўра, улар 2024 йилнинг август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун маош олмаган.
Таъкидланишича, Меҳнат кодексига мувофиқ, маош ва бошқа тўловлар муддатида берилмаган тақдирда, иш берувчи ҳар кун учун Ўзбекистон Марказий банкининг амалдаги ставкасидан келиб чиққан ҳолда компенсация (пеня) тўлаши шарт. Бу компенсация миқдори Марказий банк ставкасига нисбатан 10% ни ташкил қилади.
Мурожаатда шундай дейилади:
«Маошларимиз ўз вақтида тўланиши ва кечиктирилганлик учун компенсация беришда амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз».
Ходимлар ўз шикоятларини давом эттириб, қуйидагиларни таъкидлашди:
«Ўз юртимизда меҳнат қилиб, маошни ўз вақтида олмаслик ҳеч қандай адолат тамойилларига тўғри келмайди. Бу инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини бузади. Конституциямизнинг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний қадриятларга асосланади. Унга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият ҳисобланади».
Ходимлар ўз президентларига мурожаат қилиб, қуйидагича хулоса қилишди:
«Биз фуқаролар сифатида адолат қарор топишини сўраймиз. Биз сизга ва давлатимизнинг адолатли сиёсатини ишонамиз. Ҳурматли Президент, бизда сизга мурожаат қилишдан бошқа йўл қолмади. Сиз бизнинг ягона умидимизсиз».