
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси оила қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш, жумладан, алимент тўлаш тартиби ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжатда вояга етмаган болалар учун алиментнинг энг кам миқдорини минимал истеъмол харажатлари (МХХ) даражасидан паст бўлмаган миқдорда белгилаш таклиф этилмоқда (МХХ камбағаллик чегарасини белгилайди, нафақалар, пенсиялар ва бошқа ижтимоий тўловлар ушбу кўрсаткичга боғланган). Ҳозирда алимент меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 26,5 фоизидан келиб чиқиб ҳисобланади ва тахминан 336,8 минг сўмни ташкил этади, ваҳоланки минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўм деб баҳоланмоқда.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, ажрашиш пайтида болалар учун қўшимча кафолатларни жорий этади. Хусусан, судлар нафақат бола ким билан яшашини белгилаши, балки уни уй-жой билан таъминлаш масаласини ҳам ҳал қилиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, алоҳида яшовчи ота ёки онанинг бола билан мулоқот қилиш тартибини (мулоқот графигини) мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилмоқда.
Болалар учун мажбурий банк ҳисобварақлари
Ўзгартиришларнинг алоҳида блоки ота-она қарамоғисиз қолган болаларга тегишли. Уларнинг номига алиментлар, пенсиялар ва нафақаларни жамғариш учун мажбурий тартибда банк ҳисобварақлари очиш таклиф этилмоқда.
Ҳозирда бундай ҳисобварақлар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг мурожаатига асосан очилиши мумкин, бироқ бу мажбурий эмас. Қонун лойиҳаси билан уларни очиш учун масъул бўлган аниқ субъектларни белгилаш кўзда тутилган. Ҳисобварақлар очилиши ва маблағлар жамғарилиши устидан назорат васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юкланади.
Нима учун бу таклиф этилмоқда
Тушунтириш хатида қайд этилишича, қонунчиликда вояга етмаган болалар таъминотини таъминлашда, айниқса, алимент тўловчининг доимий даромади бўлмаган ҳолатларда бўшлиқлар сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, ажрашишларнинг ижтимоий оқибатларига ҳам эътибор қаратилган. Кўп ҳолларда болалар онаси билан қолади ва аёл ота-онасининг уйига қайтади. «Бу эса ўз навбатида ака ёки уканинг оиласи тинчлигини бузади ва бошқа бир оилада ҳам низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади лойиҳада.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди жойлашган тумандан бошқа ҳудудда яшовчи, руҳий тушкунлик ҳолатида ажрашиш жараёнида қатнашаётган ва зиммасига вояга етмаган бола таъминоти ва парваришининг 90 фоизи тушаётган аёл учун бу қўшимча вақт ва маблағ талаб қилади.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, аёллар шикоятларининг салмоқли қисми ажрашишдан кейин уй-жой йўқлиги билан боғлиқ. Оила ва гендер тадқиқотлари институти тадқиқотига кўра, респондентларнинг 55,6 фоизи ажрашишдан кейин яшаш жойини белгилашда, 43,6 фоизи эса моддий таъминот масаласида қийинчиликларга дуч келмоқда.
Лойиҳада никоҳ шартномаси мазмунини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. Унга нафақат мулкий масалаларни, балки болаларни тарбиялаш, ўқитиш ва таъминлаш, жумладан, уларнинг яшаш жойи ва ота-оналарнинг улар ҳаётидаги иштироки тартиби тўғрисидаги келишувларни ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси доирасида никоҳни бекор қилиш тартибини ҳам кучайтириш таклиф этиляпти. Хусусан, агар никоҳ қайд этилган вақтдан бошлаб бир йил ўтмаган бўлса, ажрашиш ҳақидаги аризалар кўрмасдан қолдирилиши мумкин, эр-хотинни яраштириш муддатини эса бир йилгача ошириш режалаштирилмоқда.