
Ўзбекистон Президенти когенерация станциялари тажрибасини маҳаллалар даражасигача кенгайтиришни топширди. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази (ИМ-4) ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қуввати 100 МВт бўлган когенерация станцияси барпо этилди. Унда ягона ёқилғи манбаи — табиий газдан бир вақтнинг ўзида ҳам электр, ҳам иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. 2025 йил 16 декабрь куни давлат раҳбари ушбу объект билан танишди.
Лойиҳа Хитойнинг CNTIC (China National Technical Import and Export Corporation) компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди ва 3,5 гектар майдонни эгаллади. Унинг қиймати 65 млн долларни ташкил этди ва бу маблағлар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар шаклида жалб қилинди.
Лойиҳа доирасида 70 та Rolls-Royce газ-поршенли қурилмалари ўрнатилди. Станция ҳар йили 876 млн кВт⋅соат электр энергияси ва 1 млн Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради, бунда 35 млн куб метр табиий газ тежалади. Агар илгари иссиқлик таъминоти учун 1 кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш таннархи 1150 сўмни ташкил этган бўлса, лойиҳа амалга оширилгандан сўнг у 638 сўмгача (1,8 баробарга) камайди, деб хабар берди «O‘zbekiston 24» телеканали.
«Илгари бизда фақат газ асосида ишлайдиган ва фақат иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган иссиқлик маркази бор эди. Бугун эса биз бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик энергияси оляпмиз, ҳам қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаряпмиз», — деди энергетика вазири.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 100 фоиз ДХШ асосида амалга оширилган бўлиб, Хитойнинг Genertec (China General Technology Group) давлат кўп тармоқли конгломерати етакчи шерик сифатида иштирок этган.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, бозорда 20 йиллик тажрибага эга бўлган ушбу компания илгари савдо-экспорт-импорт операциялари билан шуғулланган, бироқ илк бор тўғридан-тўғри инвестиция киритди ва лойиҳа бошқарувини ўз зиммасига олди.
Вазир, шунингдек, станция қувватни мослашувчан бошқариш имкониятига эга эканини таъкидлади — ҳар бир энергия блокини бир дақиқа ичида ишга тушириш ёки ўчириш мумкин. Кундузи станция тахминан 30 МВт ишлаб чиқаради, кечки тиғиз пайтда эса юклама 70–80 МВтгача оширилади, бу тармоққа тезкорлик билан қўшимча электр энергияси узатиш имконини беради.
«Иккинчи афзаллиги — янги электр тақсимлаш қурилмаси қурилди. Унинг тармоққа уланиши ва яқин атрофдаги истеъмолчиларни электр билан таъминлаши тармоқдаги юкламани тахминан 25 фоизга камайтириш имконини берди, чунки илгари бошқа манбалардан узатиладиган электр энергияси ҳажми қисқарди», — деди вазир.
Унинг маълумотига кўра, Президент бундай қувватларни кўпайтириш, жумладан, маҳаллалар даражасида 100 фоиз давлат-хусусий шериклик форматида кичик локал когенерация тизимларини яратиш бўйича алоҳида топшириқ берди. Бундай лойиҳаларни 2026–2028 йилларда бутун республика бўйлаб амалга ошириш режалаштирилган.
«Саудия Арабистонининг Tabreed компанияси билан Нукус бўйича келишув имзоланган, бу ёндашувни бутун мамлакатга ёйиш режалари бор. Барча ҳудудларда мавжуд иссиқлик тизимларини модернизация қилиш ва ДХШ асосида хорижий инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги кичик когенерация лойиҳаларига Туркиянинг Pales Engineering компанияси қизиқиш билдирган бўлиб, ҳозирда улар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Энергетика вазирининг сўзларига кўра, давлат раҳбари «бугуноқ» кейинги лойиҳалар бўйича музокараларни бошлашни ва «бир ой ичида тегишли қарор лойиҳасини киритиш»ни топширган. Унинг асосида Тошкент ва ҳудудлардаги ишлар муддатларни чиздирмасдан бошланиши ва объектлар 2026–2027 йилларда фойдаланишга топширилиши керак.
«Иссиқлик электр станциялари» компанияси раиси Баҳодир Жўраев «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларда когенерация қурилмаларини жорий этишни кўзда тутувчи уч йиллик дастур ишлаб чиқилишини маълум қилди.
«Янги когенерация технологиялари жорий этилгач, иссиқлик энергияси таннархи тахминан 18 минг сўмга арзонлашди. Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларидаги пилот лойиҳалар доирасида иссиқлик ва электр энергиясини тежашни таъминлайдиган кичик когенерация қурилмалари ўрнатилди», — деди.
4-иссиқлик маркази бошлиғи Миршукур Мираҳмедов «O‘zbekiston 24» каналига берган интервьюсида инвестициялар ҳисобига собиқ чиқиндихона ўрнида 70 та газ-поршенли қурилма қурилганини таъкидлади. Эндиликда соатига 26–27 куб метр газ ёқиш ҳисобига электр энергияси ва 95 Гкал иссиқлик энергияси олинмоқда, бу эса табиий ресурсларни тежашга хизмат қилмоқда.
«Бугунги кунда тизим соатига 14 тонна сувни 90 даражагача иситади ва тармоққа 100 МВт электр энергияси узатади. Агар илгари бундай объектни қуриш 16 йил давом этган бўлса (биринчи навбати 1969 йилда, иккинчиси 1985 йилда ишга туширилган), эндиликда замонавий юқори қувватли объект бир йилдан камроқ вақт ичида барпо этилди», — деди.
4-иссиқлик маркази бошлиғи бошқа қозонхоналарда 2030 йилгача газ-поршенли қурилмалар ҳисобига яна 500 МВтлик қувватлар яратиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини қайд этди.
2023 йил сентябрь ойида энергетика вазири Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа массивида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган когенерация қурилмаси (мини-ИЭС) қурилганини айтган эди.
«Биз у ерда комплекс ёндашувни қўлладик. Ушбу иссиқлик тармоқларига уланган 40 дан ортиқ уйлар, уларнинг ички тизимлари ва иссиқлик тармоғининг уйларга кириш қисми модернизация қилинди. Бу индивидуал иссиқлик пункти (ИИП) деб аталади ва у ёпиқ циклдан иборат… Илгари сув оқизиб юбориларди, иссиқлик йўқотилди. Ҳозир иссиқлик алмашгичлар уйларнинг ўзига ўрнатилмоқда, бунинг ҳисобига уларнинг фойдали иш коэффициенти ошмоқда», — деган эди.