
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 14 январь куни электр энергияси улгуржи бозорини ташкил этиш ва энергетика соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ишларининг бориши билан танишди.
Ҳозирги вақтда йиллик истеъмоли 10 миллион кВт⋅соатдан ортиқ бўлган улгуржи истеъмолчилар рўйхати шакллантирилган. Бундай корхоналар учун электр энергиясини улгуржи бозорда соатбай нарх белгилаш асосида, тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиб олиш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, энергетика ва коммунал соҳалар учун алоҳида регуляторлар ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ягона регулятор ташкил этиш таклиф этилмоқда. Ўзбекистонда 2023 йил октябрь ойидан буён Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги фаолият юритмоқда, бироқ у газ бозорини тартибга солмайди.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергетика бозорида рақобат муҳитини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, прокуратура ва ички ишлар органларига энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва энергия самарадорлигини ошириш соҳаларида қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, «кўзда тутилган чора-тадбирларни сўзсиз амалга ошириш» учун ҳокимликлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилди.
2024 йил октябрь ойида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда электр энергияси улгуржи бозорига тўлиқ ўтиш 2027 йилда, газ бўйича эса 2028 йилда режалаштирилганини маълум қилган эди.
Энергетикани 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиққан Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси электр энергияси улгуржи бозорини ишлаб чиқиш ва синов тариқасида ишга тушириш 2025–2026 йилларга мўлжалланганини хабар қилган.
Тарифларни тасдиқлаш функцияларини янги ташкил этиладиган Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига ўтказиш ҳам 2025–2026 йилларда кутилмоқда. Улгуржи бозорда соатбай нарх белгилашга ўтиш эса 2027–2028 йилларга белгиланган.
Масаланинг тарихи
2020 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев биржа савдолари асосида электр энергияси ва табиий газ улгуржи бозорини ташкил этиш, бунда барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар ва нарх шаклланишининг шаффоф механизмини таъминлашни назарда тутувчи режалар ҳақида маълум қилган эди.
Бу, шунингдек, президентнинг 2023 йил 28 сентябрдаги «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам ўз аксини топган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, очиқ рақобат муҳитига эга энергетика бозори ташкил этилади.
2023 йил октябрь ойидаги йиғилишда президент 2026 йилгача электр энергиясига бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин улгуржи бозорни жорий этиш кўзда тутилганини айтган эди. Бунда норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергия тизимини энг қуйи бўғингача рақамлаштириш, инсон омилини истисно этадиган реал вақт режимидаги интеллектуал бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарурлигини давлат раҳбари кўрсатиб ўтган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўшанда норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда президент биринчи навбатда Туркия тажрибасини ҳисобга олишни топширганини қайд этган эди.
Электр энергияси улгуржи бозори — бу электр энергияси ишлаб чиқарувчилар (электр станциялари), савдо компаниялари ва йирик истеъмолчилар (масалан, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва йирик саноат корхоналари) ўртасида сотиб олинадиган ва сотиладиган платформа.

