Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов: «35% тақсимлаш тармоқлари 40 йилдан ортиқ ишлатилган»

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2025 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатнинг қиш мавсумига тайёргарлиги, аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ва электр тармоқларини модернизация қилиш режалари ҳақида сўзлаб берди.

«Аввал айтганимдек, нафақат қишда, балки ёзда ҳам истеъмол кескин ошгани сабабли бизда авариялар ва узилишлар содир бўлади. Мен 2022 йил охиридан бери, мана учинчи йилдирки, энергетика вазири лавозимида ишлаяпман. 2023 йилда, айниқса иссиқ пайтларда, биз диспетчер сифатида электр энергияси таъминотини вақтинча ўчиришга мажбур бўлдик. Биз ўтириб, тақсимлардик — мана бу туманга, мана бу тармоққа бундай чекловларни киритамиз. Ҳа, чиндан ҳам чекловлар киритилган. Лекин, Худога шукр, авария ҳолатларини ҳисобга олмаганда, ўтган қишда атиги бир кун — декабрь ойида чеклов киритдик, у ҳам аҳоли учун эмас, балки насос станциялари учун — 60 МВт га», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, йирик авариялар юз берганда ҳам ўтган йилдан бери электр энергияси етказиб беришга чекловлар на ёзда, на қишда киритилмаган.

«Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, бу йил ҳам уланаётган янги қувватлар ҳисобига муаммолар бўлмайди. Мен бекорга бошида айтмадим: генерация бўйича бизда етарлича қувватлар бор. Бундан ташқари, ҳозирда биз ҳатто қўшни мамлакатларга ҳам электр энергияси экспорт қиляпмиз», — дея таъкидлади Мирзамаҳмудов.

«Тақсимлаш тармоқларининг 35% и 40 йилдан ортиқ ишлатилган»

Вазир энергетика тизимида ҳали ҳам «қизил нуқталар» — асосан миллий ва минтақавий электр тармоқларида муаммоли ҳудудлар борлигини тан олди.

«Биз 900 дан ортиқ маҳаллада катта ишларни амалга оширдик, аммо тақсимлаш тармоқларининг 35% и 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилган. Аҳолининг турмуш даражаси ошаётган ҳудудларда юклама ҳам ортмоқда. Илгари маҳаллада иккита кондиционер бўлган бўлса, энди деярли ҳар бир уйда кондиционер ва кўплаб электр жиҳозлари бор. Истеъмол ўсмоқда, лекин симлар, трансформаторлар ва тармоқлар бундай қувватга мўлжалланмаган», — дея тушунтирди вазир.

Президент топшириғига кўра, соҳада тўлиқ хатлов ўтказилган, муаммоли ҳудудлар — «қизил» ва «сариқ» зоналар аниқланган.

«Масалан, миллий электр тармоқларига 800 млрд сўм кредит жалб қилинган. Бу йил, баҳоргача, яъни кейинги ёз мавсумигача, барча бу тор жойлар бартараф этилиши керак. Бу иш доимий равишда олиб борилади, чунки аҳоли ўсмоқда, истеъмол кўпаймоқда. Лекин мен ишонч билан айта оламан: электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш нуқтаи назаридан бизда муаммо йўқ, фақат тармоқларни янгилашни тезлаштириш керак», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги раҳбари.

Вазир мамлакатнинг энергия таъминоти тизими кеча-кундуз назорат остида эканлигини қайд этди.

Хусусан, «ҳар қандай эҳтимолий вазиятларга олдиндан тайёр туриш» учун колл-марказлар иши кучайтирилмоқда, реакция тезлиги оширилмоқда.

«Албатта, муаммолар сақланиб қолмоқда. Мен узилишлар умуман бўлмайди дея олмайман. Лекин мен қуйидагиларни айтишим мумкин: генерация (электр энергияси ишлаб чиқариш) нуқтаи назаридан — таъминланганлик тўлиқ. Авария ҳолатлари содир бўлса, совуқ тушгандан сўнг биз ҳар куни матбуот котиби орқали вазият ҳақида маълумот берамиз», — деди.

«Қиш ҳақиқий қиш бўлиши керак»

Вазир, шунингдек, бу йилги пахта ҳосили қулай об-ҳаво шароити туфайли яхши бўлганини, аммо бунда сув танқислиги кузатилганини таъкидлади.

«Энергетикада яратилган шароитлар туфайли биз нафақат ўзимизни электр энергияси билан таъминладик, балки қўшни мамлакатларга ҳам қўшимча етказиб бера олдик. Бу қўшни давлатларнинг сув омборларида қўшимча сув захираларини яратишга имкон берди», — деди у.

Келаётган қиш ҳақида гапирар экан, вазир мавсум осойишта ўтишига умид билдирди:

«Биз қор ва ёмғир кўпроқ бўлишини истаймиз — чунки бу барака. Бугун, матбуот анжуманимиз пайтида, узоқ вақтдан кейин биринчи марта ёмғир ёғди — бу ҳам ўзига хос барака, деб ўйлайман. Биз энг мураккаб вазиятларга тайёргарлик кўряпмиз, лекин қалбан ҳаммаси яхши ўтишига умид қиламиз».

«Мендан тортиб, барча ташкилотларимиз, жумладан, жойлардаги ходимларимизнинг асосий вазифаси — электр энергияси, иссиқлик ва бошқа ресурслар барқарорлигини таъминлашдир. Бу бизнинг асосий миссиямиз», — дея таъкидлади Мирзамаҳмудов.

Вазир аномал вазиятлар юзага келган тақдирда мамлакат олдиндан ишлаб чиқилган сценарийлар бўйича ҳаракат қилишга тайёр эканлигини қўшимча қилди:

«Умид қиламизки, аномал ҳодисалар бўлмайди, чунки қиш ҳақиқий қиш бўлиши керак: совуқ бўлиши, қор ёғиши керак — биз бунга тайёрланяпмиз. Лекин агар аномал вазиятлар юз берса, бу фақат бизда бўлаётгани йўқ-ку. Қаранг — нечта мамлакатда блэкаутлар содир бўлмоқда… Шунинг учун биз бундай ҳолатлар учун сценарийларни ишлаб чиқамиз ва уларга тайёр туришимиз керак», — дея хулоса қилди Энергетика вазирлиги раҳбари.

«Бежизга биз кеча-кундуз, 24/7 режимга ўтмадик — ахир бу бизнинг асосий вазифамиз. Тизим умуман ишлаяпти, лекин нохуш вазиятлар юзага келса, айнан шу 24/7-режим тез тикланишни ва узлуксиз ишлашни таъминлаши керак», — деди Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазири аввалроқ мамлакат энергия тизими кеча-кундуз режимига ўтказилгани, тармоқлар модернизация қилингани, газ етказиб бериш рақамлаштирилаётгани, ёқилғи захираси яратилаётгани ва кам таъминланган оилаларга бир марталик ёрдам ажратилиши ҳақида сўзлаб берган эди.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, газификация қилинмаган хусусий уйларда яшовчилар учун электр энергияси тўлови бўйича имтиёзлар лойиҳаси қўшимча инфратузилмавий ҳисоб-китобларни талаб қилади. Таклиф йил охиригача ҳукуматга киритилади. 2025 йилда ва қишда тарифлар бўйича ўзгаришлар кутилмаяпти.

У, шунингдек, Ўзбекистонда газдан фақатгина «ёқиш» учун, жумладан, иситиш ва овқат пишириш учун фойдаланадиган истеъмолчиларга газга уланиш учун техник шартлар бериш тўхтатилганини маълум қилди.