Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 20/02/2026

Имтиёзли автокредитлар, субсидиялар ва солиқ чегирмалари. Ўзбекистонда электромобилларни қўллаб-қувватлаш кучайтирилади

Ўзбекистонда электр транспортига ўтишни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинади. Қўллаб-қувватлаш ҳам электромобиль сотиб олувчиларни, ҳам қувватлантириш инфратузилмасини ривожлантираётган тадбиркорларни, шунингдек, электрокарларда ишлаётган такси ҳайдовчиларини қамраб олади. Бу президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.

Имтиёзли автокредитлар

Электромобилларнинг оммабоплигини ошириш мақсадида имтиёзли автокредитлаш механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Электромобиль сотиб олиш учун кредитлар ставкаси йиллик 16 фоизгача даражада белгиланади (илгари 12−16 фоиз ҳақида хабар берилган эди). Бунда фоиз ставкасининг белгиланган чегарадан ошган қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига компенсация қилинади.

2026 йил 9 февраль ҳолатига кўра, автокредитлар бўйича ўртача ставка 23 фоизни (18 фоиздан 28,2 фоизгача) ташкил этди. Таққослаш учун: 2025 йил 2 июлда бу кўрсаткич 24,1 фоизга (21,1 фоиздан 29 фоизгача) етган эди.

Биринчи босқичда 15 мингта электромобиль сотиб олишни молиялаштириш кўзда тутилмоқда.

Қувватлантириш инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш

Ҳужжатда қувватлантириш станциялари тармоғини кенгайтириш зарурлиги таъкидланган — уларнинг сонини 4000 тага етказиш режалаштирилган (2025 йил 1 май ҳолатига кўра улар 1399 тани ташкил этган).

Бунинг учун бизнесни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:

  • қувватлантириш станциялари томонидан фойдаланиладиган электр энергияси нархининг бир қисмини компенсация қилиш, яъни давлат 1 кВт·ч учун 300 сўмдан ошадиган тариф қисмини қоплайди (бугунги кунда тарифлар 1 кВт·ч учун 1800 сўмдан 2200 сўмгача ўзгариб туради);
  • қувватлантириш станцияларини ташкил этиш учун йиллик 10 фоиз ставка билан мақсадли кредитлар ажратиш;
  • қувватлантириш инфратузилмаси учун ер участкаларини бозор баҳосидан икки баравар паст бўлган бошланғич нархда аукционга чиқариш.

Эътиборлиси, ҳукумат автомобиль эгалари учун электр қувватлантириш харажатларини субсидиялаш чораларини кўрмоқда ва бюджетдан компенсация қилинадиган имтиёзли кредитлар ажратмоқда. Шу билан бирга, электромобилларни олиб кириш учун илгари утилизация йиғими бир неча баравар оширилган, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан электрокарларни олиб кириш мураккаблаштирилган эди.

2024 йил охиригача маиший электр истеъмолчилари учун электромобиль қувватлантириш станцияларига алоҳида ҳисобварақлар жорий этиш режалаштирилган эди. Бундан ташқари, расмийлар уйда қувватлантиришни рағбатлантириш учун электр энергиясига пасайтирилган тунги тарифларни жорий этиш режалари ҳақида хабар берганди. Ҳозирча бу бандлар бажарилмаган.

Электромобиль ҳайдовчи таксилар учун имтиёзлар

Электромобилларда такси хизматини кўрсатувчи ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун махсус преференциялар жорий этилмоқда.

Қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

  • ижтимоий солиқни тўлашда 10 фоизгача чегирма;
  • давлат ташкилотларининг пуллик тўхташ жойларидан (жумладан, аэропорт ва вокзаллар) дастлабки 30 дақиқа давомида бепул фойдаланиш;
  • қоидабузарликларсиз ва йўл-транспорт ҳодисаларисиз 1 млн км масофани босиб ўтган ҳайдовчиларга «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишонини топшириш.

Дастурнинг мақсади — электромобилларда ишлайдиган таксичилар сонини 300 минг кишига етказиш этиб белгиланган. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, таксопаркдаги электромобиллар улуши 1,9 фоизни (12,1 мингта) ташкил этади, яъни уларнинг сонини қарийб 25 баравар ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳаво ифлосланишида ички ёнув двигателли автомобиллар улушини 7 фоизгача камайтириш кўзда тутилган.