
2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси учун тўловлар маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тўловларга боғланади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
2025 йил 7 март куни президент чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда электр энергияси учун тўловларни вақтинча тўхтатиб туришни назарда тутувчи қонунни имзолаган эди. Ҳужжат 8 июндан кучга кирди.
Янги тартибга кўра, ҳар ойнинг 3-санасигача абонентларнинг қарздорлик маълумотлари агентликнинг «Toza makon» электрон биллинг тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» тизимига автоматик равишда узатилади.
5-санагача қарздорларга 2100 қисқа рақамидан SMS-хабарнома юборилади ва унда қарзни тўлаш зарурлиги эслатилади.
Хабарнома олингандан сўнг абонентларга йиғилган қарздорликни тўлаш учун беш кун муҳлат берилади. Агар сумма муддатида тўланмаса, абонентларга электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча блокланади. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан сўнг чеклов автоматик равишда олиб ташланади.
Шу билан бирга, янги тартиб эски қарздорликка нисбатан қўлланилмайди — чекловлар фақат 2025 йил 1 июлдан кейин юзага келган қарзларга нисбатан қўлланилади.
Қайд этилишича, ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги учун санитар тозалаш корхоналари жавобгардир. Хизматларни кўрсатишдаги кечикишлар ёки сифатсиз хизмат кўрсатилган тақдирда, кўрсатилмаган кунлар учун қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурийдир.
Аҳоли чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тизими ва хизматлар сифати билан боғлиқ мурожаат ва шикоятларни 1205 қисқа рақами орқали кеча-кундуз юбориши мумкин.