Ёзги электр энергияси истеъмоли биринчи марта қишки максимумдан ошди – Ўзбекистон Энергетика вазирлиги

2025 йил 16 июлдан 21 июлгача бўлган кучли иссиқлик даврида Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юклама бўйича рекорд кўрсаткичлар кузатилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирликда қайд этилишича, ёзги электр энергияси истеъмоли кўрсаткичлари биринчи марта қишки максимумлардан ошиб кетди.

2025 йил 18 июль куни суткалик истеъмол 272,6 миллион кВт/соатни ташкил этди, бу қишки максимумдан (271,8 миллион кВт/соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253,3 миллион кВт/соат) юқори.

2025 йил 21 июль куни соат 17:00 да энергетика тизимининг максимал қуввати 13,3 ГВт га етди, бу қишки рекорддан (12,5 ГВт) ва 2024 йил июль ойи кўрсаткичларидан (11,8 ГВт) ошиб кетди.

Электр энергияси истеъмоли ўсиши бўйича етакчиликни Тошкент эгаллади. Пойтахтда суткалик истеъмол 32,4 миллион кВт/соатни ташкил этди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 33% га кўп (ўтган йилги максимум — 30,5 миллион кВт/соат).

Энг юқори юклама 1811 МВт даражасида қайд этилди (2024 йилда — 1680 МВт). Жорий истеъмол даражаси 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 7,6% га, ой бошидан буён эса 11% га ўсди.

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, узилишларнинг олдини олиш ва авария ҳолатларини бартараф этиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси ва унинг филиалларида махсус бригадалар туну кун ишламоқда.

Вазирлик айрим ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар муносабати билан истеъмолчилардан узр сўради.

Шунингдек, вазирлик истеъмолчилардан имкон қадар электр энергиясини тежашни сўради. «Электр приборларидан заруратсиз фойдаланишдан воз кечиш тизимдаги юкламанинг ўсиши, носозликлар ва узилишларнинг олдини олишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.