Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон 2025 йилда қуёш ва шамолдан электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баравар оширди — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 2025 йилда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 86,7 млрд кВт·с ни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 6 фоизга кўп — 2024 йилда мамлакатда 81,5 млрд кВт·с электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 16,8 млрд кВт·с қисми қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 29 фоизга ошган.

Фақат қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10,5 млрд кВт·с ни ташкил этиб, йил давомида 2,1 баравар кўпайди. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш туфайли 3,2 млрд куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага 4,7 млн тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олишга эришилди.

Ҳозирда Ўзбекистонда умумий қуввати 25 797 МВт бўлган 148 та электр станцияси фаолият юритмоқда. Уларнинг таркибига иссиқлик электр станциялари ва ИЭМ — 17 551 МВт, гидроэлектр станциялар — 2441 МВт, қуёш фотоэлектр станциялари — 3930 МВт, шамол электр станциялари — 1652 МВт ҳамда блок-станциялар — 223 МВт киради.

2025 йилда умумий қуввати 4647 МВт бўлган 42 та янги генерация лойиҳаси ишга туширилди. Улар орасида қуввати 1413 МВт бўлган 5 та қуёш станцияси, 752 МВт бўлган 4 та шамол станцияси, 1245 МВт бўлган 10 та аккумулятор тизими, 1065 МВт бўлган 1 ИЭС, 168 МВт бўлган 5 та ГЭС ҳамда 102 МВт бўлган 2 та когенерация объекти бор.

Шунингдек, умумий қуввати 1614 МВА (мегавольт-ампер) бўлган 11 та подстанция ва 420 км электр тармоқлари фойдаланишга топширилди. Умумий қуввати 3508 МВт бўлган 21 та янги лойиҳа, жумладан, қуёш, шамол, аккумулятор ва когенерация объектлари, подстанциялар, электр ва газ тармоқлари қурилиши бошланди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида йилига 155 та гидроагрегат ишлаб чиқарадиган завод, Ангренда эса йилига 15 мингта трансформатор чиқарадиган корхона ишга туширилди. Бундан ташқари, Наманган вилоятининг Уйчи туманида тўлиқ маҳаллий бутловчи қисмлардан қурилган, қуввати 38 МВт бўлган биринчи миллий гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.

2025 йилда электр энергияси етказиб бериш ҳажми 77,1 млрд кВт·с ни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Истеъмолчилар сони 8,7 миллиондан ошди: маиший истеъмолчилар сони 3,2 фоизга, юридик истеъмолчилар эса 7,4 фоизга кўпайди.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш ҳам фаол ривожланди — уларнинг умумий қуввати 2 ГВт га етди. Ўрнатилган гелиоколлекторлар ҳажми қарийб 5 млн литрни ташкил этди. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонларга 201,7 млрд сўм, тадбиркорлик субъектларига эса 121,2 млрд сўм субсидия ажратилди.

Йил давомида минглаб километр электр тармоқлари таъмирланди ва модернизация қилинди, натижада 954 та маҳалладаги 800 мингдан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Энергия тежаш чоралари ҳисобига 2,7 млрд кВт·с электр энергияси ва 2 млрд куб метр табиий газ тежалди.

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов янги энергетика қувватларининг ишга туширилиши Ўзбекистонга 2025 йилда электр энергиясининг соф экспортига ўтиш имконини берганини таъкидлаган эди. Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб берилган энергия ушбу мамлакатларда сув камлиги билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам берди. Умумий ҳисобда қўшни давлатларга 2,6 млрд кВт·с электр энергияси юбориш режалаштирилган.