Элдор Шомуродов «Рома»дан «Истанбул Башакшехир»га ўтди

Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси сардори ва ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италиянинг «Рома» клубидан Туркиянинг «Истанбул Башакшехир» клубига ўтди. Бу ҳақда жамоаларнинг матбуот хизматлари хабар берди.

Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, 30 ёшли ҳужумчи Туркия клубига 3 миллион евро эвазига ижара асосида ўтади ва кейинчалик уни 2,7 миллион еврога сотиб олиш мажбурияти ҳам бор. Шунингдек, келишувда Шомуродов кейинчалик сотилган тақдирда, сотув суммасининг 10 фоизи «Рома» фойдасига ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистонлик футболчи 2 йиллик шартнома имзолайди ва уни яна бир йилга узайтириш имконияти ҳам мавжуд.

Шомуродов «Рома»га 2021 йил ёзида келган эди. Шу вақт давомида у пойтахт клуби сафида 85 та ўйин ўтказиб, 13 та гол урди. Энг ёрқин лаҳзалардан бири — Конференциялар лигаси плей-офф босқичида «Трабзонспор»га қарши дебют ўйинидаги ғалаба голи. Айнан шу ўйин «Рома» учун турнирда ғалаба қозониш йўлини очган эди.

2023 йил январида Шомуродов «Специя»га ижарага берилган ва мавсумни шу ерда якунлаган эди. 2023/24 йилги чемпионатда у Клаудио Раньери бошчилигидаги «Кальяри» сафида ҳам ижара асосида тўп сурган.

«Клубдаги барча Элдорга келажакда муваффақиятлар тилайди!» — дейилади «Рома» баёнотида.

Шомуродов ўз Инстаграм саҳифасида клуб ва мухлислар билан хайрлашди.

««Рома» билан хайрлашиш вақти келди — бу клуб менга унутилмас хотиралар, голлар, курашлар ва ажойиб жамоа, мураббийлар ва мухлислар билан биргаликдаги ўзига хос лаҳзаларни тақдим этди. «Рома» либосини кийиш мен учун шараф эди. Бу ерда олган ҳар бир дақиқам, ҳар бир голим ва ҳар бир сабоғим учун миннатдорман», — деди у.

««Рома» абадий қалбимда қолади. Менга ҳар доим кўрсатган ишончингиз ва қўллаб-қувватлашингиз учун раҳмат. Янги саҳифа очилмоқда, лекин бу хотиралар бутун умр мен билан қолади», — деди ўзбекистонлик футболчи.

«Башакшехир» ўтган мавсумни бешинчи ўринда якунлаган.