
2025 йил 4 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан экспорт корхоналари вакиллари учун ташкил этилган учрашувда Ўзбекистондаги тўқимачилик фабрикаларидан бирининг вакили ўзбек сўмининг мустаҳкамланишидан шикоят қилиб, миллий валюта курсини «қўйиб юбориш»га чақирди.
«Экспортни қўллаб-қувватлаш учун нафақат солиқ ва бошқа имтиёзлар ҳақида ўйлаш керак. Менимча, Марказий банк ушлаб турилган доллар курсини қўйиб юбориши керак», — деди тадбиркор.
Унинг сўзларига кўра, доллар курси пасайганда, сўмда ифодаланган харажатлар (иш ҳақи, газ ва электр энергияси, озиқ-овқат харажатлари) ўсишда давом этмоқда, бу эса экспортчилар учун муаммолар туғдирмоқда. Тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Хитой, Бангладеш ва Миср билан рақобатлашмоқда, дея қайд этди.
«Бизга ҳеч қандай имтиёзлар керак эмас. Балки, курсни қўйиб юбориш керакдир? Қўяверсин, ўссин. Мен 2 доллардан экспорт қиламан. Сўм ҳозир мустаҳкамланмоқда ва мен нархни 2,2 долларга кўтардим. Харидор мендан олмайди, балки бироз кутиб, Хитойдаги етказиб берувчидан 2 долларга олади», — деди.
Унинг фикрича, «агар доллар курси қўйиб юборилса, бу экспортчиларнинг 70-80% муаммосини ҳал қилади».
Марказий банк раиси ўринбосари Аюбхон Камолов регулятор валюта курси шаклланишига аралашмаслигини айтиб, экспортчиларга Ўзбекистон республика валюта биржасида «исталган ҳажмда валюта сотиш ва сотиб олиш»ни таклиф қилди.
«Охирги 2-3 ойдаги тенденцияни пайқаган бўлишингиз мумкин: доллар курси гоҳ кескин кўтарилади, гоҳ кескин пасаяди. У пасайганда — ҳамма ваҳимага тушади: нега тушяпти? Кўтарилганда эса — нега кўтариляпти, деб сўрайди. Биз мана шароит яратдик, биржа бор — муаммосиз истаганингизча сотинг ва сотиб олинг», — деди Марказий банк раҳбари ўринбосари.
У, шунингдек, экспортчиларга долларнинг исталган курсини айтиб, бу таклифни муҳокамага қўйишни таклиф қилди. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов доллар курсининг исталган даражасини 16-17 минг сўм деб атади.
«Улар курсни кўтаришни сўрамаяпти. Курснинг пасайиши ёки кўтарилиши ўз-ўзидан келиб тушадиган валюта оқимига боғлиқ. Экспортчиларимиз айтмоқда: «ЯИМни 200 миллиардга етказиш учун 30 миллиард долларлик экспорт қилишимиз керак». Экспортчилар сони ўсиши керак, дейишяпти», — деди Ваҳобов.
«Биз шунчаки: «Йўқ, хавотирланманг, курс шундайлигича қолади», дейишимиз керак. Шунда улар кейинги йилда буни ўз бизнес-режасига, техник-иқтисодий асослашга (ТИА) бемалол киритади, ҳамкорлик учун олдиндан шериклар қидиришни бошлайди. Ноаниқликдан қутулиб, бошқа иш билан бемалол шуғулланади. Эртага улар Польшадан олма олиб келиб, «Корзинка»да сотишни ёки Туркманистондан помидор олиб келишни бошлайди — ва шунда биз йирик импорт қилувчи давлатга айланамиз», — деди Савдо-саноат палатаси раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, экспортчи учун нархнинг ташқи бозорга мос келиши муҳим.
«Нархимизнинг ташқи бозорга мос келмаслиги учун 2 та омил бор: ёки бизга ноль имтиёз беринг, ёки курсни 16-17 минг сўм даражасида ўрнатинг. Тамом», — деди.
2025 йил июль ойида доллар 62,56 сўмга ёки 0,5 фоизга арзонлашди. Жорий йилнинг дастлабки 7 ойида сўм долларга нисбатан 2,5%га ёки 328,91 сўмга мустаҳкамланди — 12920,48 сўмдан 12591,57 сўмгача. Таққослаш учун: 2025 йил январь-июль ойларида миллий валюта 1,64% (+202,27 сўм) қадрсизланган.
Халқаро валюта жамғармаси аввалроқ Ўзбекистоннинг сўмга кўпроқ эркинлик бериш бўйича тавсиясини ижобий қабул қилганини таъкидлаган эди. Сўнгги ойларда миллий валютанинг тебраниш диапазони кенгайди.
Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университетининг «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Ҳолбоев сўмнинг мустаҳкамланиши ички ва Ўзбекистонга хос омиллар таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунтирди. Улар орасида — экспортдан тушган даромаднинг ошиши, олтин экспортидан олинган даромадларнинг стерилизация қилиниши, рублнинг мустаҳкамланиши фонида пул ўтказмалари ўсишининг кечиктирилган таъсири бор.
ХВФ таснифига кўра, мамлакатлар бўйича 3 та валюта режими аниқланади — расман эълон қилинган (De Jure Arrangement), аввалги ва 2023 йилда амалда бўлган ҳақиқий режимлар. Ўзбекистон расман ўз валюта курси сузувчи эканини эълон қилади (Floating). Илгари Марказий банк «сузиб юрувчи боғланиш» деб аталадиган, яъни курс аста-секин, маълум параметрлар доирасида ўзгарадиган тизимдан фойдаланган (Crawl-like arrangement).
Аслида, ХВФ баҳосига кўра, Ўзбекистоннинг валюта курси қўлда бошқарилади (Other managed arrangement), лекин қатъий белгиланмаган. Яъни, интервенциялар ва маъмурий тартибга солиш муҳим бўлиб қолмоқда. Бу шуни англатадики, Марказий банк валюта бозорига фаол аралашади ва сўм курси талаб ва таклифнинг бозор кучлари томонидан тўлиқ аниқланмайди.
Нега экспортчи учун сўмнинг заиф курси фойдали?
Экспортчи хорижий валютада (масалан, доллар ёки еврода) даромад олади. Сўмнинг заифроқ курсида у худди шу доллар миқдори учун кўпроқ сўм олади.
Бундан ташқари, заиф сўм ўзбек маҳсулотларини хорижий харидорлар учун арзонроқ қилади, чунки доллар/евродаги таннарх пасаяди.
Экспортчилар сўмда харажат қилади (иш ҳақи, коммунал хизматлар, солиқлар). Сўм кучли бўлганда, бу харажатлар доллар эквивалентида юқори бўлади ва фойда камаяди.
Аммо шу билан бирга, арзон сўм импорт товарлари, ускуналар, хомашё, логистика нархини оширади, шунингдек, инфляцияни тезлаштириши мумкин.