Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 26/01/2026

«Экспансия ва империализм — Россиянинг ДНКсида» — Финляндия президенти (видео)

Россиянинг экспансионистик ва империалистик амбициялари НАТОга аъзо давлатлардан кўра, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун «хавотирлироқ истиқбол» ҳисобланади. Бу ҳақда 2026 йил 19 январь куни Финляндия президенти Александр Стубб Washington Post нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Халқаро шарҳловчи Дэвид Игнатиус билан суҳбатда Стубб Россия ҳукумати экспансионистик интилишларни сақлаб қолаётганлиги ҳақидаги фикрини билдирди.

«Ўйлайманки, Россиянинг ДНКсида ҳамон экспансия ва империализм ётибди. Ва менимча, [РФ президенти Владимир] Путиннинг ҳаракатлантирувчи кучи — бу „Рус дунёси“ [концепцияси], яъни Буюк Россия бўлиб, у аслида ягона Россия, ягона тил, ягона дин ва ягона раҳбар деганини англатади», — деди Стубб.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти ҳали ҳам Совет Иттифоқининг парчаланишини «катта фожиа» деб ҳисоблайди. «Ғарбда НАТО аъзолари бўлган Болтиқбўйи мамлакатлари, Финляндия ёки Польшага бўлаётган таҳдидлар ҳақида кўп гапирилади. Менинг фикримча, бошқа минтақалар — Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва бошқа давлатлар учун янада хавотирлироқ истиқбол мавжуд», — деб таъкидлади.

Россиялик жамоат арбоблари собиқ СССР мамлакатларининг суверенитетини мунтазам равишда шубҳа остига қўйиб келади. 2026 йил январь ойи бошида телебошловчи Владимир Соловьёв Арманистон ва Марказий Осиёни Россиянинг таъсир доиралари деб атади ва уларнинг «йўқотилиши» Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солишини айтди. Кўп ўтмай, файласуф Александр Дугин Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари Россия билан ягона иттифоқнинг бир қисмига айланиши кераклигини таъкидлади. «Суверен Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон мавжудлигига рози бўлиб бўлмайди… Улар ё бизнинг лагеримизда бўлади, ёки Ғарб ёхуд Хитойнинг плацдармига айланади», — деди.