«Агар олдиндан аҳолини огоҳлантирмасак, муаммолар янада кўпаяди». Азиз Абдуҳакимов очиқлик ҳақида

Ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудларига ҳам таъсир қилди, бу эса иқлим ўзгаришларининг ҳақиқат эканлигини кўрсатади, деди Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов журналистлар билан учрашувда.

«Агар кимдир: „Мана, биз эртага фавворалар қўямиз, тўртта лойиҳа қиламиз ва ҳаммаси ҳал бўлади“ деса, бу ёлғон. Ҳеч кимни алдамаслик керак. Бундай вазиятлар такрорланади. Инверсия [ҳарорат] катта ҳудудларни қоплаши мумкин», — деди қўмита раҳбари.

«Биз фақат антропоген омилларни камайтиришимиз мумкин — ифлосланишнинг тахминан 60% инсон фаолияти билан боғлиқ. Биз [бу омилнинг таъсирини] камайтиришимиз мумкин. Лекин бу бир кунда ҳал бўлмайди, супермен келиб ҳаммасини тўғрилаб қўймайди. Шунинг учун буни одамларга ҳалол тушунтириш муҳим. Ва, албатта, кўп нарса ўзимизга боғлиқ — бизнинг экологик турмуш тарзимизга», — дея қўшимча қилди.

Тошкентда ҳавони намлаш

Қўмита раиси ўринбосари Искандар Қутбиддиновнинг хабар беришича, ҳаво ифлосланиш даражасини пасайтириш мақсадида 2025 йил 21 ноябрдан бошлаб пойтахт кўчалари 56 та сув ташувчи машиналар томонидан суғорилмоқда. Шаҳарда 43 та фаввора ҳам қайта ишга туширилган, улардан 38 таси туну кун ишламоқда, 5 таси таъмирланмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаровнинг таъкидлашича, 38 та шаҳар фавворасидан ташқари, давлат корхоналарининг 9 та фаввораси ҳам туну кун ишламоқда — жами 47 та.

Яшил зоналарни суғориш тизимлари ҳам ишга туширилган. «Муаммолар бор, лекин тизим ишга туширилди, янгиланишни талаб қиладиган жойларни таъмирлаш давом этмоқда», — деди.

Азиз Абдуҳакимов фаввораларни ишга тушириш заруриятини тушунтирди. «Сув танқислиги шароитида биз шунчаки фаввораларни ишга туширишга қарор қилдик, деб ҳеч ким ўйламасин».

«Агар биз чангланиш даражасини пасайтиришни истасак, бизга ёқса ёки ёқмаса, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики: фавворалар ёрдам бериши мумкин. Агар сув турса, у тезда буғланади. Агар у айланса, фаввора микроиқлимни яхшилайди. Шунинг учун биз ҳокимликка шаҳарнинг турли қисмларида янги фавворалар ўрнатишни таклиф қилдик».

«Фавворалар масаласи муҳим ва биз уларнинг Тошкентдаги сонини оширишимиз керак», — дея қайд этди қўмита раҳбари. У янги фавворалар яратишга бизнесни жалб қилиш нияти ҳақида ҳам гапирди. Қўмитанинг 2026 йил охиригача фавворалар сонини икки баравар ошириш режалари ҳақида хабар берилган эди.

Азиз Абдуҳакимов пойтахтнинг дренаж тизимидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди: «Биз ариқларни икки-уч марта тиклашга ҳаракат қилдик. Агар ёмғир сувини тўғри йиғиб, махсус жойларда тўпласак, кейинчалик уни суғориш ва бошқа тизимлар учун ишлатиш мумкин. Биз буни жорий йилги дастурга киритдик, аммо, афсуски, маблағ етишмади. Бироқ, биз буни қиламиз».

Қўмита шунингдек, ифлосланишлар кадастрини яратишни режалаштирмоқда. Бу аҳолини жалб қилиш имконини беради: одамлар чиқинди чиқариш жойларини белгилашлари, мутахассислар эса тезкорлик билан чора кўришлари мумкин.

Эрта огоҳлантириш ва очиқлик

Азиз Абдуҳакимов юзага келаётган вазиятларга, жумладан, экология билан боғлиқ вазиятларга жавоб бериш тизимини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

«Ростини айтсам, биз барибир кечикяпмиз. Прогнозларни олдиндан бериш керак, токи одамлар ваҳимага тушмасин, қандай чоралар кўрилаётганини, бу айнан қандай тартибга солиниши кераклигини тушунтириш керак. Масалан, [бошқа мамлакатларда] early warning — чанг бўронлари ҳақида огоҳлантириш тизими мавжуд. АҚШда тайфун ҳақида олдиндан хабар берилади. Саудия Арабистонида, Амирликларда ҳам чанг бўронлари бўлади, ҳаво жуда ёмонлашади. Лекин одамлар ваҳима қилмайди — ниқоб тақади, кўчага камроқ чиқади. Биз ҳам буни ўрганишимиз, аҳолига буларнинг барчаси иқлим ўзгаришларининг оқибатлари эканлигини тушунтиришимиз керак. Агар буни қилмасак, давлат даражасида ўзимизга янада кўпроқ муаммолар туғдирамиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Учрашувда журналистлар очиқликнинг етишмаслиги ва ахборот вакууми миш-мишлар ва норозиликни келтириб чиқараётганини кўрсатишди.

«Сиз тўғри савол қўймоқдасиз — очиқлик. Агар об-ҳаво ёки бошқа ҳодиса ёмонлашиши прогнози бўлса, олдиндан хабар бериш керак… Мен сизлар билан кўп йиллардан бери ишлаяпман. Биз доим очиқ ишлаганмиз. Ва ҳозир ҳам, ўйлайманки, муаммо йўқ. Ростини айтсам, мен ҳамма нарса олдиндан хабар қилиниши тарафдориман. Прогнозлар ҳам шунинг учун мавжуд», — дея рози бўлди Азиз Абдуҳакимов.

У ҳар куни ёки кун ора нима бўлаётганини тушунтирадиган одам тайинлаш кераклигини қайд этди. «Об-ҳаво прогнози қандай тушунтирилса — атмосферадаги жараёнларни ҳам худди шундай тушунтириш керак. Агар одамларда сўров бўлса, тезкор жавоб бериш керак», — деди қўмита раҳбари.

Маълумот учун: Президентнинг 2024 йил 21 февралдаги фармони билан ўша йилнинг 1 мартидан бошлаб чанг бўронлари юзага келганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалар миқдори белгиланган меъёрдан ошиб кетган ҳолатлар аниқланганда аҳолини хабардор қилиш амалиётини йўлга қўйиш топширилган эди. Худди шу санадан бошлаб юрак-қон томир касалликлари ва нафас йўллари касалликлари билан оғриган шахсларни, шунингдек, соғлиғи ҳаво ифлосланишига юқори даражада сезгир бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактика чоралари ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиш бошланиши керак эди. Тўлиқ огоҳлантириш амалиёти бошланмаган.

Ўтган ҳафтадан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишининг юқори даражаси кузатилмоқда. Узгидромет буни ҳарорат инверсияси, яъни совуқ ҳаво устида иссиқ ҳаво пайдо бўлиши билан изоҳлади, бунинг натижасида ҳаво қатламлари аралашмайди ва зарарли моддалар ер юзасида тўпланади. Экология қўмитасида экологик вазиятни барқарорлаштириш чораларини ишлаб чиқаётган туну кун фаолият юритувчи тезкор штаб тузилган.