Тошкентда автомобиллар учун экостикерлар расмийлаштирила бошланди, ҳукумат эко-зоналарни тасдиқлаши керак

«Экологик транспорт» тизимини жорий этиш доирасида Тошкентда янги йилдан бошлаб автомобиллар учун экологик стикерларни расмийлаштириш бошланди. Буни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тасдиқлади.

Биринчи босқичда жараён ихтиёрий ҳисобланади. Экологик тоифасига қараб уч хил рангдаги (яшил — «тоза», сариқ — «ўрта» ва қизил — «зарарли») стикерлар бепул ва муддатсиз берилади. ЙҲХХда янги автомобиль сотиб олинганда ва рўйхатдан ўтказилганда стикерлар автоматик равишда тақдим этилади.

Стикерни масофавий тарзда — My.Gov.uz портали ёки иловаси орқали (10 кун ичида почта орқали етказиб берилади, почта харажатлари — 20,6 минг сўм) ёки ЙҲХХнинг «Файзобод» маҳалласидаги Транспорт воситаларини диагностика қилиш марказида расмийлаштириш мумкин.

Экологик тоифа ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик класс асосида белгиланади. Агар класс номаълум бўлса, автомобиль диагностикага юборилади ва у ерда чиқинди газлар даражаси аниқланади.

Тасдиқланган экологик классга эга автомобиллар учун тоифалар:

  • бензин / газ: Евро-2 ва ундан юқори — «тоза» тоифа, Евро-0 ва Евро-1 — «ўрта»;
  • дизель: Евро-4 ва ундан юқори — «тоза», Евро-3 — «ўрта», Евро-0, Евро-1, Евро-2 — «зарарли»;
  • гибрид автомобиллар, муқобил ёқилғида ишлайдиган (газдан ташқари) ва ишлаб чиқарилганига уч йил тўлмаган автомобиллар — «тоза».

Экологик зоналар чегаралари қачон тасдиқланади

Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори ўринбосари Вячеслав Шисянь декабрь ойи охирида журналистларга маълум қилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экологик зоналарни белгилаш ишлари бошланган. Уларни халқ депутатлари кенгашлари тасдиқлайди.

Зоналар Йўл ҳаракати қоидаларига киритиладиган махсус белги билан кўрсатилади ва онлайн харитада акс эттирилади. Бу ишлар қачон якунланиши ҳозирча номаълум.

Эко-зона мақоми муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ёки илмий, маданий, рекреацион ёхуд санитария-соғломлаштириш қийматига эга ҳудудларга берилиши режалаштирилган. Шунингдек, экологик баҳолашнинг 100 баллик тизими асосида энг кам балл тўплаган ҳудудлар ҳам ушбу рўйхатга киритилади.

Яшил стикери бўлмаган ёки умуман стикери йўқ транспорт воситаларининг экологик зоналарга кириши тақиқланади ёки чекланади. Қоидабузарлик учун жарима белгиланади, бироқ жарималар 2028 йил 1 январдан олдин жорий этилмайди.

Эко-зонага кириш чекловлари тезкор ва шошилинч хизматлар автомобилларига, шунингдек, жамоат транспортига (такси ва йўналишли таксилардан ташқари) тааллуқли эмас. Шунингдек, транзит ўтаётган ёки Ўзбекистонда вақтинча бўлиб турган автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва «ногиронлиги бўлган шахс» белгиси бор машиналарга тақиқ қўйилмайди.

Эко-зона ҳудудида яшайдиган ёки ишлайдиган шахслар, шунингдек, шошилинч ҳолатларда тиббиёт муассасаларига келувчилар ушбу ҳудудга киришлари мумкин бўлади. Сариқ ёки қизил стикерли транспорт эгалари эса экологик компенсация тўловини тўлаб киришлари мумкин. Тўлов миқдори «ўрта» тоифадаги автомобиллар учун йилига 1 БҲМ, «зарарли» тоифа учун эса 3 БҲМни ташкил этади.

Диагностика қандай ўтказилади

Диагностика жараёнида автомобилдан чиқаётган газларнинг заҳарлилиги ҳисобга олинади. Натижага машинанинг умумий техник ҳолати, жумладан, шамчалар, двигатель ҳолати ва ёқилғи сифати таъсир қилиши мумкин.

Агар эгаси диагностика натижасидан норози бўлса, йил давомида бир марта бепул қайта диагностикадан ўтиши мумкин. Бироқ 1986 йилгача ишлаб чиқарилган автомобилларга фақат сариқ ёки қизил стикер берилади, улар яшил стикер ололмайдилар.

2026 йил январь ойидан давлат транспортини, жумладан, давлат органлари хизмат машиналари, жамоат транспорти ва юк автомобилларини диагностика қилиш бошланди. «Агар бундай машиналар паст экологик тоифа олса, бу эски транспортларни босқичма-босқич алмаштириш дастурларида ҳисобга олинади», деди Вячеслав Шисянь.