
Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида иштирок этаётган фуқаролар ва бизнес вакилларини рағбатлантириш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 23 март куни президентга экологик ташаббуслар тақдимоти чоғида маълум бўлди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Мусаевнинг хабар беришича, лойиҳа иштирокчилари учун кўкаламзорлаштиришга қўшган ҳиссасига қараб махсус мақомлар кўзда тутилган.
«Хусусан, 100 туп дарахт эккан ёки „яшил“ хайрия жамғармасига 10 млн сўм хайрия қилган фуқароларга „экофаол фуқаро“ мақоми берилади», — деди.
1000 туп дарахт эккан ёки жамғармага шунга ўхшаш миқдорда маблағ ўтказган тадбиркорларга «эко-ҳамкор» мақоми берилади.
Ўз маблағлари ҳисобидан 5 млрд сўм хайрия қилган ёки 5000 га яқин кўчат эккан ва боғлар ташкил этишда фаол иштирок этган фуқароларга «меценат» мақоми берилади, деб хабар қилди.
Бундан ташқари, энг фаол иштирокчилар учун давлат мукофоти кўзда тутилган.
«Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўз маблағлари ҳисобидан камида бешта яшил боғ ташкил этишда фаол иштирок этган фуқароларга „Келажак бунёдкори“ давлат мукофотини топшириш кўзда тутилган», — дея қўшимча қилди қўмита вакили.
Тақдимотда, шунингдек, ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳам намойиш этилди.
Green University ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Зикрилла Алимовнинг маълум қилишича, завод ва ишлаб чиқариш корхоналарида фильтрлар ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил этишга нисбатан муайян чекловлар (жумладан, мораторийлар) жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.