
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президентнинг ўсиб келаётган авлодда экологик маданиятни шакллантириш бўйича топшириғи ҳақида гапириб берди.
«Экологик маданиятни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди — буни мактаб ёшидан эмас, балки энг ёшликдан, болалар боғчаларидан бошлаб, болаларга табиатга муҳаббат, ахлат ташламаслик одатини сингдириш, табиатни келажак авлодлар учун асраб-авайлаб, уларга бутун ҳолда етказиб бериш, тегишли кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилган», — деди.
Унинг сўзларига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида амалий ишлар аллақачон бошланган. «Табиий фанлар ва тарбиявий фанлар дастурларига экология ва табиатни муҳофаза қилишга оид мавзулар киритилган», — деди Каримова.
ММТВ раҳбарининг маълум қилишича, 2025 йил охиригача 250 та болалар боғчасида «экобекатлар» (махсус зоналар, ўқув-намойиш майдончалари) лойиҳаси амалга оширилади, шунингдек, махсус экологик майдончалар жиҳозланади. Президент алоҳида топшириқ билан барча мактаб ва болалар боғчаларини чиқиндиларни йиғиш учун контейнерлар билан жиҳозлашни буюрди.
«Шунингдек, вазирлик тизимига кирувчи мактабларда „Eco-Schools“ лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳани 2025–2026 ўқув йилида яна 500 та мактабда жорий этиш вазифаси қўйилди ва бу борада амалий ишлар бошланди», — деди.
Eco-Schools — бу Zamin жамоат фонди томонидан Дания Қироллигининг Экологик таълим жамғармаси (FEE) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган халқаро дастурдир. Лойиҳанинг мақсади — экологик жиҳатдан масъулиятли авлодни тарбиялаш, ўқувчиларни барқарор ривожланиш муаммолари ҳақидаги хабардорликни ошириш ва мактабдаги атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган тадбирларда иштирок этишга жалб қилиш. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 258 та мактаб мазкур лойиҳада иштирок этиб, дастурнинг 492 нафар ижрочиси — мактаб ўқувчиларини ва бутун мамлакат бўйлаб 10 000 дан ортиқ эко-фаолларни бирлаштирган.
Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов ҳам ижтимоий объектларга янги турдаги контейнерлар ўрнатиш режалари ҳақида хабар берди.
«Сентябргача барча мактабларимиз ва болалар боғчаларимиз ана шундай замонавий махсус контейнерлар билан жиҳозланиши керак ва бу топшириқни бажариш бўйича ишлар аллақачон бошланган», — деди туман маъмурияти раҳбари.
Илгари қабул қилинган Аҳолининг экологик маданиятини оширишнинг 2030 йилгача бўлган концепциясида 3,3 миллион нафар болалар боғчаси тарбияланувчисида экологик маданиятни шакллантириш назарда тутилган. Дастурда «яшил истеъмол» маданиятининг кундалик қоидаларини тарғиб қилувчи экологик мавзудаги мультипликацион ва анимацион фильмлар яратиш ҳам режалаштирилган.

