
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов 2026 йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёевга хавфсизликка оид долзарб таҳдидлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳисобот берди.
Унинг сўзларига кўра, президент томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган мурожаатномада белгиланган хавфсизлик таҳдидлари нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун долзарблигича қолмоқда. «Олинаётган маълумотлар буни тасдиқлайди», — деб қайд этди ДХХ раҳбари.
У терроризм ва деструктив ғоялар тарқалишини, шунингдек, трансчегаравий таҳдидларни асосий чақириқлар сифатида санаб ўтди.
«Виртуал макон, айниқса, ижтимоий тармоқлар аҳоли орасида деструктив ғояларни тарқатишнинг асосий манбаига айланиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Наркотрафик, қурол-яроғ ва товар-моддий бойликларни давлат чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш каби трансчегаравий таҳдидлар ҳам долзарблигини йўқотмаяпти», — деди.
Унинг маълум қилишича, 2026 йилда Ўзбекистонда ва хорижда содир этилиши режалаштирилган 11 та террорчилик ҳаракатининг олди олинган. Ушбу жиноятларга алоқадор бўлган Марказий Осиёлик 11 нафар шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилган.
Давлат чегарасини мустаҳкамлаш доирасида, Қурбоновнинг сўзларига кўра, 2025 йилда Тожикистон ва Туркманистон билан 1482 км узунликдаги умумий чегара демаркация қилиниб, 790 та чегара белгиси ўрнатилган.
Бундан ташқари, ДХХ раҳбари қайд этганидек, 453 км ҳимоя тўсиқлари, 287 км чегара йўллари барпо этилган, 44 та электрон сигнализация мажмуаси ўрнатилган.
«Кўрилган чоралар натижасида чегара бузувчилар сони 1,5 бараварга камайди, товар-моддий бойликларни олиб қўйиш ҳажми эса 20 фоизга ошди», — деди.
Қурбонов, шунингдек, чегара орқали ўтиш жойларидаги 9 та назорат-ўтказиш пункти инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, иқтисодиёт, ташқи савдо ва туризм ўсиши фонида чегарани кесиб ўтувчи шахслар ва транспорт воситалари сони ҳар йили ўртача 15 фоизга ортмоқда.
Ҳисоботда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ортишига алоҳида эътибор қаратилди. Агар 2024 йилда 1,7 тонна гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 3,6 тоннани ташкил этган. Қўлга олинган жиноятчилар сони 2600 нафардан 4500 нафарга, тугатилган яширин наркотиклабораториялар сони эса 8 тадан 15 тага кўпайган.
Ёшлар орасида синтетик наркотиклар тарқалиши алоҳида хавотир уйғотмоқда, деди Давлат хавфсизлик хизмати раиси. 2025 йилда 180 кг дан ортиқ синтетик моддалар ва 1 миллион дозадан зиёд психотроп препаратлар олиб қўйилган.
«Уларни истеъмол қила бошлагандан сўнг жуда қисқа вақт ичида организмда ўрганиб қолиш (қарамлик) шаклланиши аянчли ҳолат», — деб таъкидлади ДХХ раҳбари.
Коррупция таҳдидларига қарши курашиш ҳақида гапирганда, Қурбонов назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат тузилмаларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, товламачилик ва бошқа коррупцион жиноятлар ҳамон сақланиб қолаётганини маълум қилди.
2025 йилда давлат органлари тизимидан коррупция ва бошқа жиноятларга алоқадор бўлган 1083 нафар ходим бўшатилган. Улардан 661 нафари жиноий жавобгарликка тортилиб, судланган.
«Шу билан бирга, давлат органларида маиший коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда», — деди у инсон омили юқорилиги ва жараёнларнинг рақамлаштирилиши етарли эмаслигига ишора қилиб.
2026 йил коррупцияга қарши кураш бўйича фавқулодда чоралар йили деб эълон қилингани муносабати билан, унинг сўзларига кўра, асосий эътибор коррупция хавфи юқори бўлган жараёнларни рақамлаштиришга, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилади.
Унинг айтишича, диний радикаллашувга олиб келувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий асослар такомиллаштирилди. Хусусан, «ҳужра» шароитида вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
«Муҳтарам президент, биз алоҳида таъкидлашимиз шарт: айнан сиз ушбу муаммога эътибор қаратдингиз ва фарзандларимизни, Ўзбекистон ёшларини диний радикализм таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусни илгари суриб, тегишли топшириқ бердингиз. Афсуски, сиз бунга эътибор қаратгунингизга қадар нафақат бизнинг хизматимиз, балки бошқа масъул идоралар ҳам ҳаракатсиз турган эди», — деди Қурбонов.
ДХХ раиси Туркиянинг Bayraktar дрони билан жиҳозланган янги махсус бўлинма ташкил этилгани ҳақида маълум қилди. У шунингдек, президентга чегара қўшинларининг техник жиҳозланиш даражаси ҳақида ахборот берди.
Аввалроқ, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент замонавий хавф ва таҳдидлар ўзгариши фонида мамлакатнинг Мудофаа доктринасини ва Миллий хавфсизлик концепциясини янгилаш бўйича топшириқ бергани ҳақида ёзган эдик. Янги доктрина Ўзбекистоннинг ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишини, шунингдек, юқори технологиялар, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорликни таъминлашга асосланган стратегияни ривожлантиришни таъминлаши керак, деди давлат раҳбари.