Ўзбекистон ДХХ колл-марказ ишга туширди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш учун колл-марказ ишга туширди, дея хабар берди идора матбуот хизмати.

Колл-марказга 1520 қисқа рақами орқали қўнғироқ қилиш мумкин.

Колл-марказ қуйидаги ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қилади:

  • Ўзбекистон конституциявий тузумига, суверенитетига ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш;
  • давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоясига таҳдидлар;
  • Қуролли Кучлар ва мудофаа саноати комплексида давлат хавфсизлигига таҳдидлар;
  • терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчилик билан боғлиқ фактлар;
  • қурол, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар;
  • давлат манфаатларига таҳдид солувчи коррупция ва иқтисодий жиноятлар;
  • миллатлараро, этник ва диний адоватни тарғиб қилиш;
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар.

Шунингдек, Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича мурожаатлар ҳам қабул қилинади:

  • 150−163 (Тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар, шу жумладан, урушни тарғиб қилиш, ёлланмачилик, чет давлатларнинг ҳарбий хизматига ёллаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар);
  • 182 (Божхона қонунчилигини бузиш);
  • 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш);
  • 246 (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш).

Шу билан бирга, идора ёлғон, туҳматли ёки ҳақоратли аризалар берганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди.

ДХХ фуқароларни ҳуқуқбузарликларга бефарқ бўлмасликка чақирди. “1520 рақами орқали мурожаат қилганларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади”, — дейилади хабарда.

“Ҳар бир фуқаронинг иштироки мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун муҳимдир”, — таъкидлади идора.