Душанбеда электросамокат ва скутерларда юриш тақиқланди

Тожикистон пойтахтида 2030 йилгача электр самокатлар, электроскутерлар ва бошқа шахсий транспорт воситаларининг (давлат рўйхатидан ўтказилганлари бундан мустасно) автомобиль йўллари ва пиёдалар зоналарида ҳаракатланиши тақиқланди. Бу ҳақдаги қарорни Душанбе халқ депутатлари мажлиси қабул қилди, дея хабар беради ASIA-Plus.

«Қарор электросамокатлар ва электроскутерлардан тартибсиз фойдаланишни тартибга солиш, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатига тўсқинлик қилишнинг олдини олиш, шунингдек, йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди», — дея баёнот берди Душанбе шаҳри бўйича Ички ишлар вазирлиги бошқармаси (ИИВБ).

Чеклов шаҳарнинг махсус ажратилган жойларидан ташқари барча туманларига тааллуқли.

ИИВБ маълумотларига кўра, йил бошидан буён Душанбеда электроскутерлар ва электросамокатлар иштирокида 26 та ЙТҲ содир бўлган. Натижада уч киши ҳалок бўлган, яна 24 киши жароҳат олган.

2024 йил декабрь ойида Тожикистон расмийлари скутер эгаларини ўз транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишга мажбурлаган эди.