
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркия оммавий ахборот воситаларининг Шишли туманида ўзбекистонлик аёлнинг боши кесилган жасади топилгани ҳақидаги хабарларини тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, 2026 йил 24 январь куни кечқурун қоғоз йиғувчи эркак чиқинди контейнеридан чойшабга ўралган жасадни топиб олган. У бу ҳақда полицияга хабар берган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд-тиббий экспертиза маркази ва прокуратура билан биргаликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси аниқланди — у Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова бўлиб чиқди. Sabah газетасининг ёзишича, у 37 ёшда бўлган.
Воқеа юзасидан Туркиядан Грузияга учиб кетмоқчи бўлган икки киши қўлга олинди.
Birgün нашрининг ёзишича, қочишга уринганлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар 31 ва 29 ёшда. Тергов давомида 58 ёшли учинчи гумонланувчи ҳам қўлга олинган.
Ўзбекистон дипломатик миссияси вакиллари марҳуманинг яқинлари билан боғланишган ва зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқдалар.