
Миллий давлатлар «ўтмишда қолди», Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Россия билан ягона иттифоқнинг бир қисмига айланиши керак. Бу ҳақда россиялик файласуф, Россия давлат гуманитар университети ҳузуридаги И. Ильин номидаги Олий сиёсий мактаб директори Александр Дугин маълум қилди. У бу ҳақдаги баёнотини 2026 йил 12 январь куни «Инфоцелина» YouTube-каналидаги чиқишида айтган.
Дугиндан АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарбий операцияси ва Америка президенти Дональд Трампнинг Даниянинг автоном ҳудуди, Европа Иттифоқи аъзоси ва Вашингтоннинг НАТО бўйича иттифоқчиси бўлган Гренландия суверенитетига нисбатан таҳдидларини шарҳлашни сўрашган.
«Урушлар халқаро ҳуқуқ етакчи давлатлар манфаатларини қониқтирмай қолган лаҳзада юзага келади… Трампнинг айтишича, ана шу лаҳза келди. Аслини олганда, бу Совет Иттифоқи парчаланганидан бери ҳавода муаллақ турган эди… [Трамп] ҳозир дунёни Америка манфаатларига мослаб қайта тузмоқда, қайта тақсимламоқда. Бу, аслини олганда, дунё харитаси қайта чизиладиган учинчи жаҳон уруши», — деди Дугин.
«Бу вазиятда бизда Россияни империя деб эълон қилишдан, эндиликда ҳеч ким ҳисоблашмай қўйган халқаро ҳуқуқни четга суриб қўйишдан бошқа умуман чиқиш йўли йўқ», — дея қўшимча қилди Дугин.
Унинг сўзларига кўра, Россия Монро доктринасига ўхшаш Евроосиё доктринасини эълон қилиши ҳамда Хитой ва Ҳиндистон билан биргаликда «шарқий ярим шар устидан ҳукмронликни эълон қилиши» зарур.
«Бизнинг мақсадимиз — ушбу уч қутбли дунёда энг муҳим куч марказига айланиш: суверен, озод, мустақил ва улкан бўлиш. Биз назоратимиз остига олмайдиган барча ҳудудлар нейтрал бўлиб қолмайди, улар бундай шинам, тинч Швейцария бўлиб тура олмайди. Улар бошқа қутбларнинг, биринчи навбатда, энг зиддиятли қутб — АҚШнинг форпостига айланади. Шу сабабли суверен Арманистон ёки суверен Грузия, ёхуд суверен Озарбайжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон мавжудлигига рози бўлиб бўлмайди. Бу янги моделда ҳеч қандай суверен нарса мавжуд бўлиши мумкин эмас. Улар ё бизнинг лагеримизда, ягона иттифоқимизнинг бир қисми бўлади ёки Ғарбнинг, Европа Иттифоқининг, Американинг ёки айрим вазиятларда Хитойнинг плацдармига айланади», — деб баёнот берди Дугин.
«Тамом, суверенитет тугади, миллий давлатлар ўтмишга айланди. Бу — чиқинди. Ҳозирги вақтда ядро қуролига эга бўлмаган ва энг кучли ўйинчиларнинг ҳужуми қаршисида ўзини ҳимоя қила олмайдиган давлатнинг ҳеч қандай суверенитети шунчаки маънога эга эмас», — деди.
Бу сўнгги вақтларда Россиянинг таниқли шахслари томонидан Марказий Осиё давлатлари суверенитетини шубҳа остига қўядиган биринчи баёнот эмас. Ўтган ҳафтада россиялик телекўрсатув бошловчиси Владимир Соловьёв Арманистон ва Марказий Осиёни Россиянинг таъсир доиралари деб атаб, уларни «йўқотиш» Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солишини айтган эди. «Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлашимиз зарур бўлган бўлса, нега биз таъсир доирамиздаги бошқа нуқталарда ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаймиз?» — деган эди.
Соловьёвнинг сўзларидан сўнг Арманистон ТИВ Россиянинг мамлакатдаги элчисини чақиртириб, унга норозилик нотасини топширди. «Бу сўзлар Арманистон Республикаси суверенитетига қабул қилиб бўлмайдиган тажовуз, душманлик кўриниши экани ва Арманистон ҳамда Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузиши таъкидланди», — дейилади вазирлик баёнотида.
Россия ТИВ вакили Мария Захарова Соловьёвнинг ташқи сиёсат борасидаги фикрлари фақатгина шахсий фикр эканини, Россия Федерациясининг расмий позицияси эмаслигини маълум қилди. «Гап журналистнинг фикри ҳақида кетмоқда… У ерда баёнот йўқ эди. У ерда риторикми ёки бошқачами, қандайдир савол бор эди… Бу иборалар “диван таҳлилчилари” томонидан очиқ-ойдин ва мутлақо провокацион тарзда деярли Россиянинг расмий позицияси сифатида тақдим этилди. Бундай манипуляциялар билан шуғулланиш асло йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир», — деди Захарова.
Ўзбекистон давлат органлари Соловьёв ва Дугиннинг фикрларига расмий муносабат билдиргани йўқ.