
Ўзбекистонда 2026 йил давомида 6000 га яқин номдаги дори воситалари нархини пасайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов сешанба куни президент ҳузуридаги тақдимотдан сўнг маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, препаратларни арзонлаштириш бўйича ишларнинг асосий йўналишларидан бири 2025 йил 25 декабрь куни референт нархларнинг қайта кўриб чиқилиши бўлди, бу эса нархларни ўртача 40−60 фоизга пасайтириш имконини берди.
«Биз олдимизга референт нархларни пасайтириш мақсадини қўйганмиз. Ҳозирда 2000 номдаги дори воситалари бўйича дистрибьюторлар учун [улгуржи] нархлар пасайтирилди, 1 мартдан бошлаб эса аҳоли учун ҳам 2000 та препаратнинг нархи арзонлашади», — деди Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Шу билан бирга, нархларни янада пасайтиришни назарда тутувчи янги низом ишлаб чиқилган.
«Бир вақтнинг ўзида янги низом ишлаб чиқилди, унга кўра [2026 йил 1 апрелдан] яна 4000 та импорт қилинадиган дори воситаларининг нархи пасайиши кутилмоқда. Шу тариқа, йил давомида тахминан 6000 та препаратнинг нархи арзонлаштирилади», — деб қайд этди.
Бунда, унинг сўзларига кўра, нархларнинг қайта кўриб чиқилиши мамлакатга қарийб 70 млн доллар тежаш имконини берди, бироқ бу чора дистрибьюторларнинг манфаатларига ҳам дахл қилди.
«Дистрибьюторларда муайян йўқотишлар юзага келди: препаратлар юқорироқ нархларда, юқори солиқлар [ва божхона тўловлари] тўланган ҳолда сотиб олинган эди ва нархлар пасайганидан кейин ортиқча тўланган суммаларни қайтариш зарурати туғилди», — дея тушунтирди Азизов.
У президент тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 20 млн долларни қайтаришни маъқуллаганини қўшимча қилди. Азизов таъкидлаганидек, янги тартибга мувофиқ нархларни қайта кўриб чиқиш давом этади.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда 11900 дан ортиқ рецепт бўйича бериладиган дори воситалари мавжуд бўлиб, улардан 7600 таси импорт маҳсулотлари.
Референт нархлар ёки нима учун дорилар қиммат эди
2020 йилда дори воситалари нархларини референт нарх шакллантириш тизими доирасида рўйхатга олиш бошланди. Бу — тартибга солувчи орган томонидан ишлаб чиқарувчи маҳсулотининг ишлаб чиқарилган мамлакатдаги ва бошқа бир нечта давлатлардаги нархларини солиштиришни англатади. Давлат регулятори муайян товарнинг хориждаги нархлари даражасини солиштириб, бозор нархининг юқори чегарасини белгилашга ва сотувчиларга ундан оширишни тақиқлашга ҳақли. Бу йил рўйхатга Туркия ва Миср — дори воситалари нархи нисбатан паст бўлган давлатлар қўшилди.
Референт тизими фақат препарат бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд бўлгандагина ишлайди — ўшанда унинг нархини солиштириш ва чекланган максимумни белгилаш мумкин бўлади.
Абдулла Азизов аввалроқ импорт қилинадиган дориларнинг 65 фоизи, яъни 4960 номдагиси фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилганини маълум қилган эди. Шу сабабли уларни референт мамлакатлар билан солиштириш имкони бўлмаган, бу эса етказиб берувчилар томонидан препаратларга юқори нархлар белгиланишига олиб келган.
Айрим компаниялар таблеткалар сони, модда ҳажми ёки таъсир этувчи моддалар комбинациясига — «компаундлар» деб аталувчи ўзгартиришлар киритган. Бундай ўзгартиришлар референт мамлакатларда аниқ ўхшашини топишни имконсиз қилган. Натижада нарх амалда импорт қилувчи тақдим этган маълумот асосида белгиланган.
2025 йил июнь ойида агентлик раҳбари Абдулла Азизов нима учун фармацевтика узоқ муддатли бизнес экани, референт нархлар тизими қандай ишлаши ва бозордаги вазиятни барқарорлаштириш учун қандай чоралар кўрилаётганини тушунтириб берган эди.