
Ўзбекистонда электрон рецепт асосида дори воситаларини тайинлаш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги, 12 декабрдан кучга кирадиган қарорида айтилган.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 10 декабрдан Тошкент шаҳрида ҳамда 15 та туман ва шаҳарда, 2026 йил охиригача эса мамлакатнинг барча ҳудудларида:
- барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига (у ишга туширилгунга қадар — Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимига) уланиши керак;
- рецепт бўйича бериладиган дориларни тайинлаш ва сотиш электрон шаклда қайд этилади ва интеграция қилинган ҳолда «Электрон рецепт» модулига узатилади;
- беморларга дориларни тайинлаш халқаро патентланмаган номлари (агар мавжуд бўлса) бўйича амалга оширилиши керак, айрим тоифадаги кучли таъсир қилувчи ва психотроп воситалар, шунингдек, реимбурсация дастури доирасидаги дорилардан ташқари.
Реимбурсация тизими беморга оилавий шифокор томонидан ёзилган электрон рецепт асосида (кафолатланган пакетга кирувчи) дориларни бепул олиш имконини беради. Дориларни бериш билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси шартнома тузадиган дорихоналар шуғулланади.
Қарорга кўра, тиббиёт ходимлари бемор маълумотларини ташкилотда ишлаётган ахборот тизимига киритадилар ва улар автоматик равишда «Электрон тиббий карта» модулида акс этади. Унда ёзилган рецептлар ҳам уларга бириктирилган QR-код ва шифокорнинг электрон имзоси билан бирга бўлади.
Стационар даволанган беморлар учун шифокор касаллик тарихи ёки кўчирмада тавсия этилган дориларга қўллаш муддатини кўрсатган ҳолда электрон рецепт расмийлаштиради.
Зарурат туғилганда (беморнинг илтимосига кўра) шифокор электрон рецептни чоп этиб, беморга беради.
Электрон рецепт бўйича тайинланган дорилар учун тўлов бемор ёки унинг қонуний вакили томонидан амалга оширилади (реимбурсация дастури бўйича бериладиган дорилардан ташқари).
Электрон рецепт қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
- тиббиёт ташкилотининг номи;
- тиббиёт ташкилотининг лицензия рақами, берилган санаси, амал қилиш муддати, СТИР (нодавлат ташкилотлар учун);
- электрон рецепт рақами ва берилган санаси;
- беморнинг ЖШШИР, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси;
- ХТТБ (Халқаро касалликлар таснифи) бўйича ташхис;
- дорининг ХПН (халқаро патентланмаган номи) ёки оригинал номи, тайёрлаш усули, суткалик дозаси, қабул қилиш вақти, қўллаш ёки юбориш усули, миқдори, даволаш курсининг давомийлиги, дорининг рақами (рецепт рақамига боғланган ҳолда);
- шифокорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақами.
Электрон рецептдаги дорилар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Дорихона фармацевти беморга ёки унинг қонуний вакилига электрон рецептда кўрсатилган дориларни бериши мумкин. Ўз навбатида, у ҳам тизимга маълумотларни киритиши керак (номи, яроқлилик муддати ва серияси, дори партияси рақами).
Шифокорлар дори воситаларининг ҳаракатини онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлади.
Шифокор томонидан электрон рецепт қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилмайди:
- беморда амалдаги ташхис, даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда;
- Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган дори воситаларига (мамлакатда рўйхатдан ўтган аналоглари бўлмаган тақдирда, мажбурий сертификатлаш шарти билан давлат рўйхатидан ўтмасдан қўлланилиши ва олиб кирилиши мумкин бўлган орфан дорилардан ташқари);
- анестезия воситаси сифатида қўлланиладиган дори воситаларига.
Тиббиёт ташкилотларида электрон рецептларнинг тўғри юритилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, дорихоналарда қўлланилиши эса Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан назорат қилинади.
Ҳужжат айрим тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, шунингдек, наркотик ва психотроп моддаларни ўз ичига олган дори воситаларининг айланишига татбиқ этилмайди. Уларни электрон рецептларда ҳисобга олиш бўйича таклифларни 2027 йил 1 январгача Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Бу қандай ишлайди
Биринчи босқич. Бемор шифокор қабулидан ўтади, у амалдаги ташхис ва даволаш стандартлари, шунингдек, клиник протоколларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатади.
Иккинчи босқич. Шифокор маълумотларни муассасанинг тиббий ахборот тизимига киритади, шундан сўнг улар беморнинг электрон тиббий картасида шаклланади. Уйда кўрик ўтказилган тақдирда, тайинлов мобил илова орқали расмийлаштирилиши мумкин. Киритилган маълумотлар асосида шифокор электрон рецепт ёзади, у автоматик равишда «Электрон рецепт» модулига узатилади. Стационар беморлар учун ҳам электрон рецепт расмийлаштириш назарда тутилган.
Учинчи босқич. Бемор ёки унинг қонуний вакили дорихонага мурожаат қилади ва рецепт амал қилиш даврида дори олиш учун зарур маълумотларни тақдим этади.
Тўртинчи босқич. Фармацевт электрон рецептда кўрсатилган дориларни беради ва тегишли маълумотларни дорихонанинг ахборот тизимига киритади.
Бу нима учун керак?
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров аввалроқ электрон рецептлар туфайли тадбиркорлар ўртасида рақобат пайдо бўлишини қайд этган эди. Бундан ташқари, ушбу тизим «кўплаб асоссиз ва кераксиз дорилар» тайинланишининг олдини олади.
«Аҳолига жуда кўп асоссиз, мутлақо кераксиз дорилар ёзиб берилмоқда. Полипрагмазия (бир вақтнинг ўзида кўплаб дорилар ёки даволаш муолажаларини тайинлаш — таҳр.) туфайли фуқароларга тижорат манфаатидан келиб чиқиб дорилар тавсия қилинмоқда. Агар электрон рецептлар тизими бўлса, платформада муайян касалликда қандай дорилар ва қайси стандартлар бўйича қўлланилиши кераклиги кўрсатилади. Агар [ортиқча тиббий препаратлар ёзилса], шифокор ҳам, фармацевт ҳам жавобгар бўлади», — деган эди Худаяров.
Бундан ташқари, тизим контрабанда фармацевтика маҳсулотларининг сотилишини аниқлайди, чунки Ўзбекистонда қонуний ва рўйхатдан ўтган дорилар умумий базада шакллантирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 5 февралдаги йиғилишда соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва эскирган даволаш протоколлари ва стандартлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан, кафолатланган пакетдаги дориларни электрон рецепт асосида беришни жорий этишни топширган.
Давлат раҳбари, шунингдек, дорилар онкологик беморларгача етиб бормаслигига сабаб бўлаётган «ўйинларни» танқид қилган. «Бу эндокринологияда ҳам, кардиологияда ҳам, шошилинч хизматда ҳам содир бўлмоқда», — деган эди. Мирзиёев дориларнинг яширин айланишига қарши кураш ва дорилардан фойдаланиш маданиятини ошириш борасидаги суст ишларни ҳам танқид қилган.
2024 йил июль ойида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров йил охиригача Тошкентда дориларга электрон рецептларни жорий этиш режалари ҳақида маълум қилган эди. 2025 йил январда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида электрон рецептлар тизимини синовдан ўтказиш бошланган.