
Контрафакт дорилар тарқалиши сабабли айрим хорижий компаниялар Ўзбекистонга оригинал препаратларни етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда 2026 йил 5 март куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда фармацевтика соҳасига янги технологиялар ва Big Pharma даражасидаги йирик халқаро компанияларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бироқ бундай компаниялар ишлаб чиқаришни бошлашдан олдин ички бозорда дори воситалари сифати ва хавфсизлигини назорат қилишнинг самарали тизими мавжудлиги ҳақида савол беришмоқда.
Шу билан бирга, 2025 йилнинг ўзида мамлакатда 57 мингдан ортиқ номдаги рўйхатдан ўтмаган ва контрафакт дори воситалари аниқланган.
Президент, шунингдек, қалбаки нусхалар тарқалиши сабабли қатор нуфузли хорижий компаниялар Ўзбекистонга 21 турдаги оригинал препаратларни етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди.
Шу муносабат билан масъул идораларга дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши худди гиёҳвандлик ва психотроп моддалар айланмасига қарши курашдек муросасиз кураш олиб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, президент сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш учун жавобгарликни кескин кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда президент ҳокимларни бўш турган фармзоналар ва лойиҳалар йўқлиги учун танқид қилди. 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистондаги дори ишлаб чиқарувчилар қаерда жойлашганидан қатъи назар, ер солиғидан озод қилинади. Фармлойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги чораларни эълон қилди. Хорижий фармкомпанияларни жалб қилиш учун роялти солиғи 5 фоизгача туширилади. Tashkent Pharma Park ҳудуди Жанубий Корея компанияларини жалб қилган ҳолда яна 100 гектарга кенгайтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштироки кенгайтирилади.