
Ўзбекистон дори бозорида йиллар давомида коррупцион тизим шаклланган. Бу ҳақда 2025 йил 13 декабрь куни электрон рецепт тизимини жорий этиш муҳокама қилинган матбуот анжуманида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов маълум қилди.
У мамлакатда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг барча нархлари референт нарх шакллантириш тизими асосида белгиланишини қайд этди. Президент топшириғига асосан дори-дармонлар нархи синчиклаб текширилди.
«Биз Ўзбекистоннинг референт нархларида ҳам жуда кўп муаммолар мавжудлигини тушундик. Импорт қилинадиган дори воситалари нархи айнан қандай шаклланиши кераклигини тушуниш учун 10 та референт мамлакат — Польша, Беларусь, Миср, Туркия ва қўшни давлатлар тажрибасини ўргандик», — деди.
Таққослаш учун: Туркияда рецепт билан бериладиган дорилар реестрига 11691 номдаги дори киритилган, Россияда — 9112 та, Қозоғистонда эса дорилар «биздагидан икки баравар кам».
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 11900 дан ортиқ рецепт билан бериладиган дори воситалари мавжуд бўлиб, улардан 7600 таси импорт қилинади. Уларнинг 65 фоизи — яъни 4960 та номдаги дори воситалари фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилади.
«Ўрганиб чиқилган ўнта давлат орасида бунчалик кўп миқдордаги ноёб препаратлар умуман топилмади. Бу жуда ёмон кўрсаткич. Қандай қилиб ишлаб чиқарувчилар айнан Ўзбекистон учун алоҳида дори воситаларини ишлаб чиқариши мумкин? Бу мантиқсиз. Бизда мавжуд бўлган дори Қозоғистонда ҳам бўлиши керак. Бу ҳақда туркиялик мутахассисларга айтганимизда, улар шок ҳолатига тушишди», — деди Абдулла Азизов.
Агентлик директори бундай амалиёт йиллар давомида шаклланганини ва бу дори воситалари соҳасидаги «ривожланган коррупцион механизмлар» билан ҳам боғлиқлигини таъкидлади.
У импорт қилувчи компаниялар кўпинча шифокорларга таъсир ўтказиб, муайян дори воситаларини тайинланишига эришишини кўрсатиб ўтди.
«Буни коррупцион механизмнинг бир қисми деб ҳисоблаш мумкин. Президент бундай ҳолатларга чек қўйиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш, аҳоли уларни арзон ва сифатли нархларда олишини таъминлаш бўйича қатъий топшириқ берди», — дея таъкидлади Азизов.
Шифокор маржасини олиб ташлаш
Азизов идора профилактика ишларига эътибор қаратаётганини ва раҳбариятга соҳада коррупцион механизмларнинг кўп йиллар давомида шаклланиши ҳақида батафсил маълумот берилганини айтди.
«Биз, очиғини айтганда, кўпроқ профилактика устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Муаммо мавжудлигини ҳамма билади ва биз раҳбариятга у қандай шакллангани ҳақида ҳисобот бердик. Ҳозирда уни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда», — деди.
Унинг сўзларига кўра, референт нархларни тузатиш асосий воситага айланди.
«Биз асосий нарсани тушундик: агар шифокорнинг «маржасини» олиб ташлаб, референт нархни тўғри белгиласак, дистрибьютор энди шифокорни ўз дориларини ёзишга қизиқтира олмайди ва унга пул тўлай олмайди. Ўшанда шифокор бундан манфаатдор бўлмайди», — дея таъкидлади Азизов.
Референт нархларнинг пасайтирилиши бозор тузилмасини аллақачон ўзгартирмоқда, деди агентлик раҳбари.
«Бугунги кунда шуни айтиш мумкинки: илгари дори воситаларини олиб келган ва юқори нархлардан пул ишлаган кўплаб компаниялар Ўзбекистон бозорини тарк эта бошлади, чунки референт нархлар пасайганда уларнинг маржаси йўқолди ва фойдаси минимал бўлиб қолди», — деди.
Азизовнинг сўзларига кўра, қоидаларнинг қатъийлашиши ва шаффофликнинг ошиши фонида ижобий тенденция кузатилмоқда.
«Ижобий динамика ҳам бор: илгари Ўзбекистонни тарк этган Европа компаниялари, жумладан, йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчилари энди қайта бошламоқда. Шаффоф қоидалар, референт нархларнинг қатъий назорати ва сифатли дори воситаларининг киритилиши рақобат муҳитини яратмоқда, бу эса уларнинг қайтишини рағбатлантиради», — деди.
Бу нимани англатади?
2020 йилда дори воситаларининг нархлари референт нарх шакллантириш тизими доирасида рўйхатга олина бошланди. Бу — тартибга солувчи орган томонидан ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти нархини ишлаб чиқарилган мамлакат ва бошқа бир қанча мамлакатлардаги нархлар билан таққослаш. Давлат регулятори чет элдаги муайян товарнинг нарх даражасини таққослаб, бозор нархи чегарасини танлаш ва сотувчиларга ундан оширишни тақиқлаш ҳуқуқига эга. Бу йил рўйхатга Туркия ва Миср — дори воситалари нархи нисбатан паст бўлган давлатлар қўшилди.
Референт тизими препарат бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд бўлгандагина ишлайди — шундагина унинг нархини солиштириш ва чегаравий максимал миқдорни белгилаш мумкин. Аммо агар Ўзбекистон учун ҳеч бир референт мамлакатда йўқ «ноёб» дорилар махсус ишлаб чиқарилса, уларни солиштириш учун ҳеч нарса бўлмайди.
Бундай вазиятда чегаравий нархни амалда исталганча белгилаш мумкин, бундай дориларнинг нархи кўпинча сунъий равишда оширилган бўлиб чиқади, муайян дори воситаларини лобби қилиш ва коррупцион схемалар учун шароит яратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда дори-дармонларнинг референт нархларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётгани, натижада 2600 дан ортиқ дори воситаларининг ўртача нархи 40–60 фоизга пасайиши мумкинлиги хабар қилинган эди.