Ўзбекистонда 2025 йилда доллар курси қандай ўзгарди

Сўнгги ўн йилликлар ичида илк бор Ўзбекистон миллий валютаси девальвация трендини синдирди. 2025 йилда АҚШ долларининг расмий курси 879,58 сўмга — 12904,91 сўмдан 12025,33 сўмгача арзонлашди. Бу душанба кунги савдолар якунларидан келиб чиқмоқда.

Бир йил ичида миллий валюта илк бор 6,8 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, аввалги йилларда девальвация кузатилган: 2024 йилда — 4,71 фоизга, 2023 йилда — 9,92 фоизга, 2022 йилда — 3,58 фоизга.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан йиллик ўртача курси 13250 сўмни ташкил этишини кутган эди (2024 йил учун прогноз қилинган даражадан 4,8 фоиз кўп), бироқ амалдаги кўрсаткич 12576 сўмгача тушди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, 2025 йил давомида Қозоғистон тенгеси 3,9 фоизга, Россия рубли 23,8 фоизга мустаҳкамланган бўлса, Қирғизистон соми 0,5 фоизга қадрсизланган.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда сўмнинг тарихий мустаҳкамланиши долларнинг глобал миқёсда заифлашиши (доллар индекси йил давомида 9,4 фоизга камайган), шунингдек, мамлакатнинг асосий экспорт товари бўлган олтин нархининг кескин кўтарилиши (2025 йилда 70 фоизлик ўсиш) билан қўллаб-қувватланди. Натижада олтин экспортидан тушган даромадлар тарихий даражага — 11 ойда 9,9 млрд долларга етди.

Миграция асосий бўлган бозорлардаги валюталарнинг мустаҳкамланиши (хусусан, рубль) пул ўтказмаларининг кутилганидан юқори ўсишига (11 ойда 17,3 млрд доллар), шунингдек, инвестиция оқимлари кўпайишига (асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларда хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 9 ойда 24 фоизга ошган) хизмат қилди. Ушбу омиллар ҳам миллий валютанинг мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлади, деб ёзади Холбоев.

Бундан ташқари, унга кўра, йил давомида сўм 134 та савдо сессиясида мустаҳкамланган, бу умумий сессиялар сонининг 53,4 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун: 2024 йилда сўм 108 кун, 2023 йилда эса 102 кун мустаҳкамланган.

2025 йилга энг яқин кўрсаткич аввалроқ 2022 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда сўм 127 та сессияда мустаҳкамланган эди. Бироқ 2022 йилда сўм долларга нисбатан 3,7 фоизга қадрсизланган.

Сўм динамикасидаги яна бир характерли ўзгариш сўм-доллар жуфтлигида коридорнинг сезиларли даражада кенгайиши бўлди.

2025 йилда сўм-доллар жуфтлиги бўйича курсининг ўртача кунлик ўзгариши 34,7 сўмни (май ойидан кейинги даврда 45,2 сўмни) ташкил этди. Таққослаш учун: 2024 йилда ўртача кунлик ўзгариш 15,1 сўмни, 2023 йилда эса 17,3 сўмни ташкил этган эди.