Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/02/2026

Ўзбекистонда доллар кетма-кет 11 сессия давомида мустаҳкамланиб, сентябрь ойидан буён энг юқори кўрсаткични янгилади

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 2025 йил сентябрь ойидан буён максимал даражагача кўтарилди, бу Марказий банк маълумотларидан келиб чиқмоқда.

Регулятор маълумотларига кўра, 2026 йил 9 февраль кунги савдолар якуни бўйича Америка валютаси 17 сўм 18 тийинга қимматлашиб, 12320,34 сўмни ташкил этди. Бу 19 сентябрдан (12314,71 сўм) кейинги энг юқори кўрсаткич.

Тижорат банкларида душанба куни доллар 12240 сўмдан 12260 сўмгача бўлган курсда қабул қилинди. Сотув курси эса 12305 сўмдан 12380 сўмгача бўлган оралиқда ўзгарди.

Доллар охирги 16 савдо сессиясининг 15 тасида, жумладан, охирги кетма-кет 11 сессияда мустаҳкамланди. Йил бошидан буён сўм 2,4 фоизга ёки 295 сўмга, февраль ойининг 10 кунида эса 1 фоизга қадрсизланди. Таққослаш учун: 2025 йилнинг дастлабки икки ойида миллий валюта атиги 0,2 фоизга (36,52 сўм) девальвация бўлган эди.

Сўм заифлашишининг эҳтимолий сабаблари

Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Холбоев долларнинг мустаҳкамланиши нафақат сўм учун хос эканини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, аксарият валюталар долларга нисбатан қадрсизланмоқда. Хусусан, февраль бошидан буён рубль долларга нисбатан 1,7 фоизга, иена 1 фоизга, фунт 0,8 фоизга, евро 0,4 фоизга, франк эса 0,3 фоизга заифлашган. Ўзбекистон иқтисодиёти учун аҳамиятга эга валюталар ичида фақат юань (0,2%) ва тенге (1,3%) ушбу даврда долларга нисбатан мустаҳкамланиш кўрсатди.

«Ҳозирча январь ойи бўйича валюта таклифини шакллантирувчи компонентлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинмади. Бироқ экспорт қисқариши, инвестициялар камайиши ёки пул ўтказмалари тушиши каби белгилар кузатилмаяпти (фақат асосий меҳнат бозорларидаги валюта тебранишларининг қисқа муддатли таъсири бўлиши мумкин)», — деб ҳисоблайди.

Бошқача айтганда, сўм курсининг охирги бир-икки ҳафтадаги ўзгаришларини кўп жиҳатдан глобал тенденциялар билан изоҳлаш мумкин, дея тушунтирди Холбоев.

Иқтисодчи, шунингдек, февраль ойида сўм волатиллигининг (тебранишининг) сезиларли даражада пасайганига эътибор қаратди. Агар январь ойида ўртача кунлик ўзгариш 0,32 фоизни ташкил этган бўлса, февралнинг шу кунига келиб волатиллик 0,14 фоизгача тушган. «Бу сўм-доллар валюта жуфтлиги бўйича коридор кенгайиши бошланган апрель ойидан буён энг паст кўрсаткичдир», — деди у.

Жаҳон бозорида олтин нархининг ошиши фонида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил январь якунларига кўра тарихий максимал — 75 млрд долларга етди. Ўтган ойда уларнинг ҳажми деярли 8,8 млрд долларга ошди, бунда олтин жами захираларнинг 86 фоизидан ортиғини ташкил этди. Қимматбаҳо металнинг физик ҳажми рекорд даражага етди — регулятор қарийб 9 тонна олтин сотиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан 879 сўмга (+6,8%) мустаҳкамланган эди. Аввалги йилларда эса барқарор девальвация кузатилган.