Долларнинг сўмга нисбатан курси сўнгги бир ойдаги минимумга тушди

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси сўнгги бир ойдаги минимум даражасига тушди, бу Марказий банк маълумотларидан кўриниб турибди.

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил 28 июль кунги савдолар якунида Америка валютаси 67 сўм 39 тийинга арзонлашиб, 12514,34 сўмни ташкил этди. Бу 26 июндан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич.

Охирги 3 савдо кунида сўм қарийб 250 сўмга мустаҳкамланди.

2025 йил июль ойининг тўлиқ бўлмаган даврида миллий валюта курси 1,1%га, ёки қарийб 140 сўмга ошди.

2025 йил 28 июль куни тижорат банкларида доллар 12455 сўмдан 12540 сўмгача қабул қилинди (фақат Universalbank ва Anor bankда). Сотиш курси 12590 («Пойтахтбанк», Халқ банки ва «Асакабанк») дан 12640 сўмгача ўзгарди.

2025 йил бошидан буён миллий валюта Америка валютасига нисбатан 406,14 сўмга, ёки 3,14 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун: 2024 йил январь-июль ойларида сўм 2,12%га қадрсизланган бўлса, 2023 йилнинг шу даврида — 3,3%га қадрсизланган.

Халқаро валюта фонди аввалроқ Ўзбекистон сўмга кўпроқ эркинлик бериш тавсиясини ижобий қабул қилганини қайд этган эди. Сўнгги ойларда миллий валюта тебраниши диапазони кенгайди.

Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университетининг «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Ҳолбоев аввалроқ сўмнинг мустаҳкамланиши ички ва Ўзбекистонга хос омиллар таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунтирган эди. Улар орасида — экспортдан тушумнинг ошиши, олтин экспортидан олинган даромадларни стерилизация қилиш, рублнинг мустаҳкамланиши фонида пул ўтказмалари ўсишининг кечиктирилган таъсири бор.