Ўзбекистонда доллар курси 2024 йил бошидан бери энг паст даражага тушди

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 2024 йил бошидан буён энг паст даражага тушди, бу Марказий банк маълумотларидан кўриниб турибди.

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил 22 август кунгидаги савдолар якунига кўра, Америка валютаси 56 сўм 70 тийинга арзонлашиб, 12357,09 сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг 5 январидан буён энг паст кўрсаткич.

2025 йил бошидан буён сўм 4,2%га ёки 547,8 сўмга мустаҳкамланди (йил бошида доллар курси 12905 сўм атрофида эди). Таққослаш учун, 2024 йилнинг худди шу даврида миллий валюта, аксинча, 2,7%га заифлашган, 2023 йилда эса девальвация 7,7%ни ташкил этган.

Шундай қилиб, 2025 йил тенденцияси аввалги йиллардан фарқ қилади: агар 2023-2024 йилларда доллар курси мунтазам равишда ўсган бўлса, жорий йилда сўм сезиларли даражада мустаҳкамланиб, сўнгги 20 ойдаги энг паст даражага етди.

Халқаро валюта жамғармаси аввалроқ Ўзбекистон сўмга кўпроқ эркинлик бериш ҳақидаги тавсияни ижобий қабул қилганини таъкидлаган эди. Сўнгги ойларда миллий валюта тебраниши доираси кенгайди.

Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Холбоев сўмнинг мустаҳкамланиши ички ва Ўзбекистонга хос омиллар таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунтирган эди. Улар орасида — экспортдан тушадиган даромадларнинг ўсиши, олтин экспортидан олинган даромадларнинг стерилизацияси, рублнинг мустаҳкамланиши фонида пул ўтказмалари ўсишининг кечиктирилган таъсири бор.

Хусусан, 2025 йил январь-июль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 44,4 млрд долларга етди, бу бир йил ичида 19,9%га (7,4 млрд долларга) кўп. Экспорт 20,1 млрд долларга (+34,9%), импорт эса 24,3 млрд долларга (+9,9%) ошди. Натижада, ташқи савдодаги салбий баланс (импортнинг экспортдан устунлиги) 7,2 млрд доллардан 4,2 млрд долларгача қисқарди.

Шу билан бирга, биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27%га ошиб, 8,2 млрд долларни ташкил этди.

2025 йил бошидан буён доллар индекси (долларнинг жаҳон курси) қарийб 10%га тушди. Яъни, сўнгги 6-7 ой ичида глобал миқёсда долларнинг умумий заифлашуви кузатилмоқда.