Хивадаги Дишон-Қалъа халққа яшил зона сифатида қайтарилади

Хивадаги Дишон-Қалъа (Ташқи қалъа) Ичан-Қалъа (Ички қалъа) каби сайёҳлик объектига айлантирилади. Унинг вайрон бўлган девори тикланади ва халққа яшил зона ҳамда дам олиш маскани сифатида қайтарилади, дея баёнот берди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

1842 йилда Хива хони Оллоқули буйруғи билан қурилган Дишон-Қалъа бугунги кунда хароба аҳволда. Қалъа деворининг 6200 метридан 2000 метри бутунлай вайрон бўлган, яна 2500 м эса авариявий ҳолатида. Бундан ташқари, кўп йиллар давомида девор атрофида жуда кўп ноқонуний қурилишлар олиб борилган, натижада девор бўйлаб ҳаракатланиш учун деярли жой қолмаган, дейилади хабарда.

Дишон-Қалъани сақлаб қолиш мақсадида Хивадаги «Шихлар» маҳалласидан 55 та турар-жой ва нотурар-жой объектларини бошқа ҳудудларга кўчириш режалаштирилган. Уларнинг ўрнида дарахтлар экилади, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.

Девор миллий меъморий анъаналарга ва тарихий қиёфага мувофиқ тикланади. Девор бўйлаб 1,5-2 м кенгликдаги пиёдалар аллеяси ташкил этилади. Атрофдаги «Шихлар» ва «Ангариқ» маҳаллаларида замонавий сайёҳлик мажмуаси қурилади.

Ичан-Қалъа – Ўзбекистоннинг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қалъа ҳудудида 58 та маданий мерос объекти ва археологик ёдгорликлар, 28 дан ортиқ экспозиция, қарийб 56,7 минг тарихий артефакт ва буюмлар, шунингдек, 174 та ҳунармандчилик дўкони мавжуд.

2024 йилда қалъани қарийб 1 миллион хорижий ва 3,5 миллион маҳаллий сайёҳ зиёрат қилган. 2025 йилда 2 миллион хорижий ва қарийб 5 миллион маҳаллий сайёҳнинг келиши кутилмоқда.