
Хасанбой Нишонов
Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов Бувайда туманидаги 37-мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи, ўқитувчиларнинг янги йил навбатчилигини ташкил қилган Хасанбой Нишоновни ноқонуний равишда ишдан бўшатгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Меҳнат инспекцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Нилуфар Аманниязова маълум қилди.
Инспекция бошқарма бошлиғи мактаб раҳбари Хасанбой Нишоновни ишдан бўшатиш ва янги раҳбарни тайинлаш жараёнида меҳнат қонунчилигини бузганини аниқлади. Шерзод Долимов Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) мувофиқ жавобгарликка тортилди. Ушбу модда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутади.
Бир неча кун аввал 2026 йил 6 январдаги ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ Меҳнат инспекцияси кўрсатмаси билан бекор қилингани ва Хасанбой Нишонов лавозимига тиклангани маълум бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, Хасанбой Нишонов қонунда тақиқланган бўлса-да, олдиндан огоҳлантирилмасдан ишдан бўшатилган эди — у бу ҳақда интернетдаги хабарлардан билганини айтганди. Вилоят бошқармаси уни лавозимидан озод этаркан, ўқитувчиларни янги йил кунлари туну кун навбатчиликка мажбурлашни ноқонуний деб атаганди. У ҳам МЖтКнинг 49-моддаси билан БҲМнинг 10 баравари миқдорида максимал жаримага тортилган эди.
Шу билан бирга, таълим бошқармаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан (вазирлик эса ўз навбатида ҳукуматдан) топшириқ олгани ҳолда навбатчиликни ташкил қилиш бўйича ўзи кўрсатма берганини тан олмаганди. Вазирлик берган ягона изоҳида айнан ўқитувчиларни навбатчиликка жалб қилиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилган.