
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази диний саволларга ChatGPT орқали жавоб олиш мумкин эмаслигини маълум қилди.
“Дарҳақиқат, ChatGPT платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда келтирмоқда. Аммо у инсон томонидан яратилган маҳсулот бўлгани боис, диний саволларга тўғри жавоб бера олмайди”, – дейилади Фатво маркази баёнотида.
Бундан ташқари, марказнинг таъкидлашича, баъзан ChatGPT тахминий жавоблар бериши ва ҳатто арабча ибораларни келтириб, саволнинг фалон китобда зикр этилганини даъво қилиши мумкин.
“Бироқ, келтирилган иқтибослар на зикр этилган китобда, на бошқа фиқҳ манбаларида учрамайди. Шу боис, шариат масалалари бўйича ечимларни уламо-илмий тадқиқотчилардан ва мутахассислардан излаш лозим”, – дея қайд этди Фатво маркази.
Шунингдек, марказда таъкидланишича, диндор киши билимни қаердан ва кимдан олаётганини аниқ билиши керак.