
Меҳнат миграцияси вақтида чет эл давлати қонунларини бузганлиги учун депортация қилинган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан чоралар қўлланилади. Тегишли қарорни мамлакат ҳукумати 2025 йил 13 май куни тасдиқлади, дея хабар берди Миграция агентлиги.
Агар депортация қилинган фуқаро Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилган бўлса, унинг қайтиш харажатлари ушбу фуқародан ундирилади.
Бундан ташқари, депортация қилинган шахс Миграция жамғармаси ҳисобидан унга берилган субсидия ва компенсацияларни ҳам қоплаши керак бўлади.
Бир йил давомида бундай фуқаро ривожланган мамлакатларга ишга жойлаштириш бўйича ташкилий хизматлардан фойдалана олмайди.
Халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга 2 йил муддатга хорижга чиқиш паспортини бериш чекланади. Реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилиши мумкин бўлган алоҳида ҳолатлар Ўзбекистон ИИВ томонидан белгиланади.
Реадмиссия – бу бир давлатнинг бошқа давлат томонидан ўз фуқароларини ёки унинг ҳудуди орқали ноқонуний равишда келган учинчи давлат фуқароларини қабул қилиб олиши. Бошқача қилиб айтганда, бу шахсни у келган ёки ноқонуний бўлиб турган давлатга қайтариш жараёнидир.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Миграция агентлиги Миграция жараёнларининг ягона электрон маълумотлар базасини юритади, унга чет эл давлати қонунчилигини бузганлиги натижасида қайтарилган фуқаролар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва нуфузига салбий таъсир кўрсатадиган ҳаракатларни содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Ягона базага электрон реестр шаклида қуйидагилар ҳам киритилади:
- Ўзбекистон ТИВ орқали хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан келиб тушган маълумотлар;
- Ўзбекистон ИИВ томонидан тақдим этилган халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
- Миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналари (вакиллари)дан олинган маълумотлар.