
Фазлиддинхон Меҳмонов / Азиз Ғоипназаров
Demokrat.uz интернет-нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Иш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) бўйича очилган.
ИИББнинг билдиришича, 2025 йил 15 декабрь куни гумонланувчи Ғоипназаров Сергели туманидаги автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаган ва жойлаштирган.
Сўнгра, хабарда айтилишича, Меҳмонов тадбиркордан видеороликни ижтимоий тармоқлардан ўчириш ва ОАВда алоҳида видеоматериални эълон қилмаслик эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
2026 йил 29 январь куни Меҳмонов жабрланувчидан 3000 доллар, кейинроқ, 10 февраль куни яна 17 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
ИИББ бу каби ҳаракатлардан жабрланган фуқароларни 102 рақамига мурожаат қилишга чақирди.
Demokrat.uz сайти 2022 йил 1 октябрда рўйхатдан ўтган. Ундаги сўнгги янгиликлар 31 январь санаси билан кўрсатилган. Нашрнинг YouTube’да 608 минг, Instagram’да 350 минг ва Telegram’да 8300 га яқин обуначиси бор.
2026 йил январь ойи ўрталарида пойтахтда Taftish.uz сайти ходимлари, жумладан, унинг раҳбари ҳам қўлга олинган эди. Улар товламачилик, фирибгарлик, туҳмат ва ёлғон маълумот тарқатишда гумон қилинмоқда.